23 июнь куни Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, банк-молия, савдо-саноат, сармоя, божхона, транспорт ва транспорт коммуникациялари, авиаташув, электротехника, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Рустам Азимов мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар 1996 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида эркин савдога оид битим асосида изчил ривожланмоқда. МДҲ доирасида имзоланган Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми ўсиб бораётир. 2014 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 160 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Тадбирда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги марраларга олиб чиқиш учун икки томон ҳам улкан имкониятларга эга экани қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва турини кенгайтириш, юкларни ташиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма корхоналарни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

"Ўзбекистон Тожикистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан. Ўзбекистон – Тожикистон қўшма комиссияси мажлислари ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга, ҳамкорликнинг янги имкониятларини кашф этиш ва бизнес борасида тажриба алмашишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон билан, фан ва техника, таълим, транспорт ва транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз", – деди Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Давлатали Саид.