1956 йили Сурхондарёда туғилган Абдумавлон Эшбоев қаллоблик йўли билан 5.5 млн сўм пулни ўзлаштиришда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси хабар бермоқда.

Айтилишича, бир куни наманганлик Аҳад Эргашев бетоб бўлиб қолган турмуш ўртоғини Тошкентдаги шифокорларга кўрсатиб, Чустга қайтиб кетаётганида, йўлда Эшбоевни учратиб қолган ва манзилига элтиб қўйишга рози бўлган.
Гап орасида аёлнинг бетоблигини билган Эшбоев узоқ йиллар тиббиёт соҳасида ишлаганини ва бу соҳада танишлари борлигини, Тошкентдаги яхши шифохоналардан биридан жой гаплашиб беришини айтган.

Орадан бир қанча вақт ўтгач, у Тошкентга Эргашевнинг ўғли Элмуродни чақириб, жой топганини айтган ва бунинг эвазига 400 минг сўм пул олган.
Кейинроқ ушбу шифохонада 50 кун даволанилиши ва ҳар кун учун 100 минг сўм тўланилишини айтиб, Эргашевлардан яна 5 млн сўм олган. Лекин шу билан шифохона ҳақидаги гаплар унутилиб, Эшбоев ғойиб бўлган.
Эргашев бир неча ой давомида уни топа олмагач, ИИБга мурожаат қилган. Ўтказилган текширув ишлари натижасида қаллоб қўлга олинган ва жавобгарликка тортилган.