“Зенит” матбуот котиби Дмитрий Циммерман клуб яримҳимоячиси Аксел Витцель атрофидаги вазиятга изоҳ бериб ўтди.

“Италияда Витцелнинг “Милан”га ўтиши бўйича деярли келишувга эришилгани айтилмоқда. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга мос келади?” деган саволга Циммерман қуйидагича жавоб берди.

“Витцель “Зенит”га тегишли, шунинг учун клубга мурожаат қилмай туриб ўйинчи билан ҳар қандай музокаралар олиб боришнинг иложи йўқ. ОАВлар бир неча ойдан бери Витцелни “Ювентус”га ўтишини айтишаётган эди, мана энди гал “Милан”га келди. Бундай миш-мишлар қаердан олинишини билмайман, бироқ айни пайтда “Зенит”га Витцель бўйича бирорта ҳам таклиф келиб тушмади. Ва мос ҳолда, клуб футболчи бўйича ҳеч ким билан музокаралар олиб бормаган.

Аксель – жуда иқтидорли ва қимматбаҳо футболчи, у ҳозирда ўзининг энг яхши формасида турибди. Ўйинчининг “Зенит” билан шартномасида ёзилган тавон пули қиймати ҳисобга олинса, агар Витцель бўйича таклиф клубнинг манфаатларига мос келмаса, клуб Витцель бўйича музокараларга киришишнинг имкони йўқ деб ҳисоблайди”, деб айтмоқда Циммерман.

Баъзи маълумотларга кўра футболчи учун тавон пули 100 млн еврони ташкил қилади.