Жек Ма шу йилнинг 18-20 июнь кунлари Санкт-Петербургдаги иқтисодий форум доирасида Россияга илк бора расмий ташриф билан келди. Бундан аввал у Россияга Alibaba ташкил этилгунига қадар сайёҳ сифатида ташриф буюрган.
Ташрифдан кўзланган мақсад - Alibaba бизнеси ва таклиф этаётган имкониятлар ҳақида ҳукумат вакиллари ва тадбиркорларга сўзлаб беришдан иборат. 19 июнда Ма бизнесдаги катта маълумотлар ҳақидаги “Информацион технологиялардан маълумотлар технологиясига: тижорат ва савдо учун янги давр” (From IT to DT: A new era for commerce and trade) мавзусидаги нутқи билан иштирок этди. Alibaba асосчиси Россия президенти Владимир Путин ва россиялик ҳамда хорижлик тадбиркорлар билан бўлган учрашувда иштирок этди.
Бундан ташқари, ташриф чоғида Жек Ма “Почта России” бош директори Дмитрий Страшнов, Алоқа ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш вазири Николай Никифоров ҳамда Иқтисодни ривожлантириш вазири Алексей Улюкаев билан учрашди. “Яндекс” бош директори билан бўлиб ўтган учрашувда эса компанияларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида суҳбатлашди ва логистика ва электрон тўловлар соҳасида ҳамкорлар излаётганлигини билдириб ўтди.

Бугунги кунда электрон савдолар соҳасида муваффақиятли тарзда фаолият олиб бораётган Alibaba компанияси тараққиётига сабаб бўлаётган омилларни ўрганишдан аввал унинг асосчиси Жек Ма биографисига назар ташлаймиз.


Ма Юнь (Жек Ма — бу тахаллус) 1964 йилда бой бўлмаган мусиқачилар оиласида дунёга келди. Шанхайдан 180 км. узоқликда жойлашган Ханжоу шаҳрида улғайди. Манинг болалиги Маданият инқилобига тўғри келди. Ўша даврда кўплаб мактаблар ёпилди, Ма инглиз тилини мустақил тарзда ўрганди. Ғарб саёҳатчилари Ханчжоуга келишар эди, Ма улардан инглиз тилини ўрганиш эвазига бепул экскурсиялар ўтказган. Сайёҳлардан бири унга Жек деган исм ўйлаб топди.
Ма Ханчжоу педагогика институтига икки марта имтиҳон топшириб йиқилган, бироқ ниҳоят институтга кирди ва 1988 йилда диплом олишга муваффақ бўлди. Жек Ма олти йил давомида 12-15 доллар ойлик маош эвазига ўқитувчи бўлиб ишлади. 1995 йилда савдо делегацияси таржимони сифатида илк бора АҚШда бўлди. Дўстларидан бири унга интернет қандай ишлашини кўрсатди. Жек Yahoo! нинг қидириш қаторида “пиво” сўзини киритди, бироқ Хитойдан хеч бир натижа ололмагач, хитой интернет-компаниясини яратишга қарор қилди. Хитойга қайтгач, “Хитойнинг сариқ варақлари” номли онлайн-қўлланмага асос солди, бироқ бизнес муваффақият қозонмади.
1998-1999 йилларда бўлажак миллиардер Хитой ташқи савдо ва иқтисодий ҳамкорлик вазирлиги бўлинмасини бошқарди. 1999 йилда раҳбарлик лавозимидан кетди ва дўстларини Alibaba Group – кичик ва ўрта бизнес учун савдо майдончаси яратишга кўндирди. Ишлар муваффақиятли тус ола бошлади: ўша йилнинг ўзидаёқ Alibaba Goldman Sachsдан 5 млн. АҚШ доллар ва SoftBankдан эса 20 млн. АҚШ долларини жалб этди.
50 ёшли Жек Ма Хитойдаги бадавлат кишилардан бири ҳисобланади. Forbes талқинидаги миллиардерлар глобал рўйхатида унга 33-ўрин тақдим этилган: журнал Манинг бойлигини 24,5 млрд. долларга баҳолаган. IPO (Initial Public Offering - акцияларнинг бирламчи бозорда сотилиши)нинг ўзидан 867 млн. АҚШ доллари ишлаб олган (Alibabaнинг умумий қиймати 167,8 млрд. АҚШ долларига баҳоланган). 2013 йилда Жек Ма гуруҳнинг президенти лавозимидан кетди ва ўрнига Жонатан Луни тайинлади, ўзи эса директорлар кенгаши раиси бўлиб қолди. 2014 йилнинг баҳоридан бери мурувват фондини ҳам бошқариб келяпти.
Яқин кунларда берган интервьюсида Жек Ма нима учун Россияга айнан ҳозир сармоя киритиш зарурлиги, Alibabaнинг барча раҳбарлари 45 ёшдан кичик эканлиги ва хато ва стратегик танлов ўртасидаги фарқ нимадан иборат эканлиги ҳақида гапириб ўтган. Келинг, уларни бирма-бир кўриб ўтамиз.
2015 йилда AliExpress Россияда юридик шахсни рўйхатдан ўтказиб, бир неча ҳамкорлик битимларини имзолади. Бир қарашда Россия иқтисодиёти инқирозни бошдан кечираётган бир даврда Alibaba томонидан фаол экспанисия амалга оширилаётганга ўхшаб кўриниши мумкин. Жек Манинг бу борадаги фикри бироз ўзгача, ўзгалар барчаси яхши деб ўйлаётганида, Alibaba асосчиси бироз кутиш керак деб ҳисоблайди, барча талвасага тушганида эса олға интилиш зарур эканлигини айтган: “Ҳар қандай иқтисодиёт кўтарилиш ва йиқилишларни бошдан кечиради. Бозор йиқилганида тайёрланиш учун қулай фурсат пайдо бўлади. Жорий иқтисодий вазиятда қандай муаммоларга дуч келишимизга қарамай, келажакда барчаси ижобий тус олади. Мен ҳеч қачон кейинги бир йил учун режа тузмайман, яқин беш-ўн йилликни кўзлайман”.
Дарҳақиқат, Россияга ҳозирги пайтда сармоя киритиш арзон. Россияда кўп одамлар муаммолар ҳақида гапираётган бир пайтда Жек Ма келажак ҳақида ижобий фикрлаш зарур, деб ҳисоблайди. Фаолиятининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у интернет умуман ривожланмаган дея ўйлаганида буни аъло даражадаги имконият деб билган. Эътибор қилинг: миллиардердан ўрнак олишимиз керак бўлган хусусият шундан иборатки, у келажакка доим ижобий назар билан қарайди ва юзага келган қийинчиликлардан имконият излайди.
Унинг фикрига кўра: “ҳар қандай бозорга келиб, уни забт этиш учун вақт талаб этилади. Яхши бизнесни қуриш эрта ёки индинга содир бўлмайди. Ҳозирга вақтда Россия иқтисодиёти яхши ҳолатда эмас, демак бозорга кириб олишнинг айни пайти. Беш йилдан сўнг Россия иқтисодиёти тикланишни бошлайди”.
AliExpressнинг фаолияти ҳозирги кунда Россияда муваффақият қозоняпти. Бунга Россия ва Хитой харидорлари менталитетидаги ўхшашликлар ҳам сабаб бўлмоқда. Хитойда онлайн-савдолар юқори ижобий натижаларга эришганлигининг боиси савдо инфратузилмаси ва молиявий тизим яхши ҳолатда эмасди, интернет келиши билан эса у тараққий этиб бормоқда. Мисол учун, икки-уч йил аввал логистика шу даражада ёмон эдики, Россиядан Хитойдаги буюмга AliExpress орқали буюртма берилса, уни етказиш учун 60-70 кун кетарди. Ҳозирда бу жараён 20-25 кунни ўз ичига олади. Логистика янада яхшиланса, Россияда бу соҳада бизнес қилиш имконияти янада ортади.
Кўпгина таҳлилчиларнинг фикрига кўра, AliExpressнинг Россиядаги муваффақиятга паст нархлар сабаб бўлмоқда. Албатта, кўпчилик қулай нархларни танлайди. AliExpress томонидан етказиб бериш кўп вақт олишига қарамай, хизмат кўрсатишнинг яхши даражаси ва маҳсулот сифати туфайли одамлар айнан AliExpressни танлашмоқда. Агар тўлов тизими ва етказиб бериш яхшиланса, ишлар янада ижобий тус олади.
Жек Манинг мақсади Хитой маҳсулотларини Россияда сотиш эмас. У Россияда ташкил этилган кичик бизнес орқали бутун дунёда маҳсулот сотиш хизмати ҳақида орзу қилади. Россия иқтисодиёти салбий ҳолатни бошдан кечираётган бир пайтда, Жек Ма Хитойга маҳсулот сотишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Бу мамлакатда 2,5 млн ўрта қатлам вакиллари бор. 15 йил ўтгач, бу кўрсаткич таҳминан 500 млн.га етади. Уларда эса яхши маҳсулотни сотиб олишга бўлган талаб жуда кучли.
Хитойда ҳам Россий маҳсулотларига талаб бормикан, деган фикр пайдо бўлиши табиий. Миллиардернинг фикрига кўра, талаб мавжуд. Россиядан келтирилган озиқ-овқат, кийим-кечак хитойлик истеъмолчиларда қизиқиш уйғотади. Кўпчилик Хитойда кийимлар яхши ва арзон, деб ҳисоблашади. Бироқ қишки кийимлар ҳақида гап кетганида эса Россияда тайёрланадиган қишки бош кийимлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш керак.
Хитойда ҳозирги вақтда Жек Манинг сўзларига қараганда, Alibaba платформасида 10 миллионга яқин компания савдо қиляпти.
Жек Ма “Почта России” вакиллари билан бўлган учрашувда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар – етказиш муддатларини 60 кундан 20 кунга қисқартирилганлигини қадрлаши, логистикани янада ривожлантириб, кейинги бир неча ой ичида бу кўрсаткични етти кунлик муддатга етказилишини билдириб ўтган. Тўлов тизимини яхшилаш бўйича ҳам фикрлар келтирилган. Alibabaда AliPay тўлов тизими мавжуд, келажакда балки Russia Pay яратилиши мумкин. Alibaba Россияга сармоя киритишни бошламоқда, яъни “Почта России” ва молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмоқчи, бу эса 10 йил ўтиб, Россияда аъло даражадаги онлайн савдо ва унинг учун зарур бўлган инфратузилма юзага келишини англатади.
Жек Манинг фикрича, бизнес қилиш – компанияни сотиб олиш дегани эмас. Мақсад пул ишлаш бўлганида, улар айнан шу модель бўйича ишлаган бўлишарди. Бизнес бу – тўйга ўхшайди. “Яхши, чакки эмассан, кел турмуш қурамиз”, деган гап кетмайди, дейди Ма. Турмуш қуришдан аввал қанчадир муддат учрашиш, бир-бирини яхшироқ билиш зарур.
Бизнес бўйича айтиладиган бўлса, Россияда яхши бизнес яратиш учун банк, логистика соҳалари вакиллари билан кўп мулоқот ўтказиш зарур. Россиядаги кўплаб ёшлар интернет ва электрон савдолар уларнинг ҳаёт тарзини ўзгартира олишини яхши англашлари лозим.
Бир неча кун аввал Россияда Хитой онлайн савдолар гиганти JD.com иш бошлади. Россия бозорини эгаллашда икки рақобатчининг кураши ҳам аҳамиятга эга бўлади. Бироқ шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, улар бизнес-модели бўйича бир-биридан фарқ қилади: Alibaba бутунлай электрон савдолар билан шуғулланмайди. У бошқаларга сотиш ва харид қилишда кўмаклашади. Alibabaнинг мақсади ҳар бир компания JD.com сингари буюмларни онлайн сотишни амалга оширишидир. Бундан ташқари, Россия бозорига кўпроқ қатнашчилар зарур, чунки Россияда онлайн-савдолар учун салоҳият талайгина. Ва ниҳоят, янги бозорларга чиқиш ва ривожланишга пул тикиш учун молиявий жиҳатдан барқарор компания бўлиш талаб этилади.

“Alibaba ҳамма жойда дейишади, бироқ бизда ҳам кўзланган мақсад бор”

Бугунги кунда Alibaba шу даражада молиявий барқарорликни қўлга киритдики, натижада бошқа компанияларга ҳам сармоя киритиш имкониятига эга бўлди. Мисол учун, катта даражадаги инвестициялардан бири Snapchat мессенжеридир. Сармоя киритишда компанияни тўғри танлай олиш ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки мақсад даромад олиш, киритилаётган маблағни янада кўпайтиришдан иборат. Бу борада Alibaba ўз моделига эга, сармоя киритишда компания асосичилари эмас, жамоалар мўлжалланади. Яъни, жамоанинг ўзи амалга ошираётган ишга бўлган ишончи жуда муҳим. Мисол учун, кўп йиллар муқаддам Хитой бозорида Alibaba eBay билан рақобат қила бошлади. Alibaba жамоа сифатида Хитой бозорини севарди ва истиқболда 10-20 йил ичида уни яхшилай олишига қаттиқ ишонарди. Бундан ташқари, ортга чекинишга жой ҳам йўқ эди: eBayдан фарқли равишда у фақат Хитой бозорига эга эди ва у ғалаба қозонди.
Alibaba сармоя киритишга ҳамкор топганида у ўша компанияга ёрдам беришга интилади. Унинг бу глобализация модели Американикидан фарқ қилади. Америкаликлар йирик акциядорлар бўлишга ҳаракат қилишади. Alibaba эса ҳамкор излайди, пул тикади ва ўша компания биринчи рақамли компания бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Яқинда Alibaba Netflixга ўхшаш видео хизматни ишга туширди. Унда шахсий AliPay тўлов тизими ва Cainiao логистика тизими мавжуд. Яъни бир неча соҳаларда янги-янги ишланмаларни амалга оширмоқда.
Инсонлар Alibabaни компаия деб ҳисоблаганлари сабабли унинг қаерга қараб ҳаракатлагаётганини тушунмайдилар. Жек Ма эса Alibabaни келажакда жаҳон савдосини ўзгартирадиган ташкилот, деб ҳисоблайди. Унинг асосий мақсади – кичик компаниялар ишини осонлаштиришдан иборат. Alibaba компанияларга улар учун зарур бўлган – молиявий инструментлар, логистика хизмати, маълумотлар тўплами, транчегаравий савдо учун имконият бера оладиган платформа қурмоқда. Alibaba кейинги ўн йилликда ўзини айнан шу кўринишда тасаввур қилади.
Кейинги 10 йиллик учун тайёргарлик кўриш мақсадида Alibaba икки Н ни мақсад қилиб олган яъни health ("саломатлик") и happiness ("бахт"). Биринчи ҳолатда соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришга эътибор қилиниши назарда тутилса, иккинчисида ёшлар учун кино, театр ва бошқа кўнгилочар ҳамда алоқа воситаларини ҳақидадир. Одамлар Alibaba ҳар ерда деб ҳисоблашади, бироқ биз нишонга эгамиз – кичик бизнес ва икки Н.
Маълумки, Alibabaда россиялик икки сармоядор мавжуд, хусусан Алишер Усмонов ва Юрий Мильнер. Таажжубки, Жек Ма улар билан Россияга қилган жорий ташрифи доирасида учрашишни мўлжаллаган. У мазкур икки сармоядорни ўз дўстлари деб ҳисоблаши, Alibabaга ишонч билдирганларидан миннатдор эканлигини айтган.
Ҳозирги кунда Alibaba онлайн савдоларидан келадиган 2 фоиз фойдани хориждан олмоқда. Жек Ма бу кўрсаткични 40 фоизгача оширишни кўзлаётганини айтган. Унинг яқин беш йил ичида Alibaba дунёдаги биринчи рақамли компания бўлиши, унинг ялпи савдолари ҳажми майдончаларда 1 трлн. АҚШ долларини ташкил қилиши ва бу сумманинг камида 20 фоизи Хитой ҳисобига тўғри келмаслигини прогноз қилган.
Бу кўрсатичга эришиш учун эса бир неча омиллар ёрдам беради. Масалан, Хитойда 1,3 млрд. киши яшайди. 2014 йилда Alibaba савдолари ҳажми Walmart даражасига етди (капитализацияси бўйича эса 2014 йилнинг ноябрь ойида Walmartдан ўзиб кетди: 251 млрд. АҚШ доллари 246 млрд. АҚШ долларига қарши). Умуман олганда, фақат Хитойдаги ҳозирги ўсиш суръатлари ҳисобга олинадиган бўлса, беш йилдан сўнг савдолар кўрсаткичи тўртта Walmartникидек бўлади.
Эътибор қилинг, ҳозирда Хитойда 800 млн. фойдаланувчи бор, савдолар эса 0,5 трлн. АҚШ долларини ташкил қиляпти, салоҳият –глобал бозорни ҳисобга олмаганда 2 трлн. АҚШ долларига тенг. Ривожланаётган мамлакатларда эса талаб катта. АҚШ аҳолиси 300 миллион дан ортиқ агар у ерда Alibaba 100 миллион мижозни жалб эта олса, бу янада яхши натижаларга олиб келади.
Шундай экан, жорий ўсиш суръатларида (Alibabaнинг даромади 2014 йилнинг сўнгги чорагида 2013 йилнинг ушбу даврига қараганда 40 фоизга ўсди) дунёда 1 трлн. АҚШ доллари даражасига етиш учун беш йилдан камроқ муддат керак бўлади. Базага Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Россия ва бошқа мамлакатлардан 2 миллиард фойдаланувчи йиғилса, кичик бизнес учун савдо майдончаси сифатида катта эътиборга сазовор бўлади.

Alibaba Group

Alibaba Group Хитойдаги электрон савдолар бозорининг 80 фоизга яқинини назорат қилади. Холдинг бизнеснинг бир неча йўналишларини бирлаштирган: Taobao, AliExpress, Tmall (онлайн савдолар учун майдончалар), AliPay (тўлов тизими), China Smart Logistic Network (логистика учун платформа), Alibaba Cloud Computing (махсус хизмат).
Хизматлар Хитойдан ташқарида ҳам муваффақиятли тарзда ривожланяпти. Хусусан, AliExpress Россияда энг кўп ташриф буюриладиган сайтлар ўнталигидан жой эгаллаган: TNS маълумотларига кўра, 2015 йилнинг май ойида унинг ойлик аудиторияси 22,6 миллион кишига етган.
Alibaba Groupнинг ҳозирги ривожланиш босқичида Goldman Sachs (5 млн АҚШ доллари), SoftBank (20 млн АҚШ доллари) миқдорида сармоя киритган. В 2005 йилда Yahoo! Alibabага 1 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, 40 фоиз гуруҳга эга бўлди. 2012 йилда Alibaba 20 фоизли пакетни қайта сотиб олди. Alibaba сармоядорлари орасида Юрий Мильнер ва Алишер Усмановнинг DST Global фонди, Glade Brook Capital Partners, Primavera Capital Group, CICC, Boyu Capital ва бошқа фондлар ҳам мавжуд компания умумий ҳажми 4,8 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги жами етти раундни жалб этди.
2014 йилнинг 19 сентябрида Alibaba IPO ўтказди. Бу Нью-Йорк биржаси тарихидаги оммавий акцияларнинг энг йирик жойлаштирилиши бўлди: гуруҳ 167,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида баҳоланди. Молиявий ҳисоботга қараганда, 2014 йилнинг сўнгги чорагида Alibaba 337 млн. фаол харидорларга эга бўлган. Охирги йил (2015 йилнинг 31 мартида якунланган) учун олинган даромад 76,2 миллиард долларни ташкил қилган, бу эса ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 45 фоизга юқори, соф фойда эса 24,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилган (ўсиш 4 фоиз).
Crunchbase берган маълумотларга қараганда Alibaba саккизта компанияни бутунлай сотиб олган, AdChina реклама хизмати ва AutoNavi картография хизмати шулар жумласидандир ҳамда бир неча ўнлаб лойиҳаларга сармоя киритган, масалан Snapchat мессенжерига 200 миллион АҚШ доллари миқдорида пул тиккан.

“Менда бор пуллар, менга тегишли эмас”

Жек Манинг шахсий ҳаётдаги орзуси кўпроқ бўш вақтга эга бўлиш. У 2015 йилнинг июнь ойининг ўзида бешта турли шаҳар ва давлатлар: Нью-Йорк, Чикаго, Япония шаҳарлари, Бразилия, Россияда бўлди. Ҳозирда камроқ саёҳат қилишни истаяпти. Талабалик даврларида дўстларига келажакда нонуштани Лондонда, тушликни Парижда ва кечки овқатни Буэнос-Айресда қилишини айтарди. Энди эса бу нақадар даҳшатли эканлигига амин бўлди. Унинг самолёти учувчиси дунёдаги энг вақти зиқ бўлган учувчидир, чунки Жек Ма ҳар куни саёҳат қилади.
Ана энди компаниядаги ислоҳотлар ҳақида: бироз муддат олдин Alibabaда ислоҳот ўтказилди: 1960-йилларда туғилган топ-менежерлар бошқарув лавозимидан бошқа позицияларга ўтказилди. Уларнинг ўрнига 1970-йилларда туғилганлар тайинланди. Alibaba жамоасида 1990-йилларда туғилган 3 минг нафар ёшлар ишлайди, Жек Ма уларга катта умид боғламоқда.
Жек Ма ҳам хатолар қилишдан мустасно эмас. Унда ҳам молия, ходимларни ишга олиш, ҳукумат билан муносабатлар, операцион фаолият бўйича кичик хатолар содир бўлган. Бу муаммоларнинг барчаси улардан тегишли хулосалар чиқарилишига имкон берган. Масалан, олти йил муқаддам биринчи бўлиб мобиль технологияларга инветиция киритишга қарор қилинган эди. Икки йил ўтгач, мобиль пойга бошланди ва Alibaba уни қувиб етишига тўғри келди. Ўша пайтда қабул қилинган бу қарор хато ҳам стратегик танлов деб ҳам аталиши мумкин. Бироқ у стратегияни тез орада алмаштиришга муваффақ бўлди. Ҳозирда Alibaba мобиль онлайн савдолар сегментидаги дунёдаги энг йирик компания ҳисобланади (iResearch берган маълумотларга қараганда, 2014 йилнинг декабрь ойида Alibabaнинг мобиль савдолар бозоридаги улуши 86 фоизни ташкил қилди. Компания ҳисоботларига қараганда, гуруҳнинг барча иловалари фаол фойдаланувчиларининг ойлик кўрсаткичи 265 миллионни ташкил қилган, бу эса ўтган йилдагига қараганда 95 фоизга юқори).
Кўплаб тадбиркорлар бойиб кетгач, ҳайрия билан шуғулланадилар. Жек Ма ҳам бундан мустасно эмас. У 50 ёшгача пул қилишни, 50 дан кейин эса уларни ақл билан сарфлашни ўрганишга қарор қилган. Жек Ма унда бор пуллар уники эмас: бу пуллар – унинг жавобгарлиги деб ҳисоблайди. “Бир миллион АҚШ доллари бор инсон бадавлат, у пулларини сарфлаши мумкин, ўн миллионга эга бўлгач эса доллар курси, пулларни қаерга сармоя қилиш ҳақида ҳавотирлана бошлайсан, миллиард долларга эга бўлсанг бу сенинг мулкинг эмас: бу одамлар ўзларига қараганда кўпроқ ақл билан ишлатиш мақсадида сенга ишонган ҳолда берган пуллардир”, дейди миллиардер.
Шунинг учун Жек Ма Alibabaнинг 2 фоиз акциялари йўналтирилган фонд ташкил қилди (ҳайрия фонди ташкил қилиниши ҳақида Жек Ма ва Alibabaнинг яна бир ташкилотчиси Жо Цаф 2014 йилнинг апрель ойида эълон қилишган, ишга туширилаётганда 2,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган). Ҳозирда унга 4 миллиард АҚШ доллари тикилган ва бу ҳали бошланиши. Мазкур фонд атроф-муҳит, таълим, саломатликни қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, ҳайрия билан шуғулланишни истаган иқтидорли ёшлар ривожига ҳам ҳисса қўшади. Бунинг учун эса биргина истакнинг ўзи кифоя, кўникма ва қобилият зарур.