АҚШда маҳаллий суд ҳокимияти томонидан йўл қўйилган хато қарор туфайли танишининг қотиллигида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган нью-йорклик 52 ёшли Жонатан Флемингга 6,25 млн доллар тавон пули тўланадиган бўлди. Флеминг хатолик туфайли қамоқда умрининг 24 йилини ўтказишга мажбур бўлган. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Жонатан Флеминг 1989 йилда ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонидан Нью-Йоркнинг Бруклин туманида ўз танишининг қотиллигида гумон қилиниб ҳибсга олинган. Судда Флеминг унинг гўёки қурбонга ўқ узаётганининг гувоҳи бўлган аёлнинг сўзларига таянилиб, айбдор деб топилган эди. Флемингда жиноят содир этилган пайтда онаси билан Флоридада бўлганини тасдиқловчи авиачипта бўлганига қарамасдан, суд бу ҳолатни инобатга олмаган.

2013 йилда Жонатан Флеминг ҳимояси қотилликнинг ҳақиқий гувоҳини топгандан кейин барчаси Флеминг фойдасига ўзгача тус олди. Аниқланишича, гувоҳлик берган аёл ёлғон маълумотлар берган ва гиёҳванд бўлган. Аёл ўзидан бошқа бир жиноят бўйича гумонни соқит қилиш илинжида Флемингга туҳмат қилишга қарор қилган.

Суд ошкор бўлган янги ҳолатларни инобатга олиб, Флемингни айбсиз деб топиб, у томонидан сўралган 162 млн доллар тавон пули эвазига 6,25 млн доллар тўлашга рози бўлди.