Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги ҳарбий қисмнинг чегара пости янги биноси фойдаланишга топширилди

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёшлар иштирок этди. Президент раҳнамолигида мамлакат Қуролли Кучлари тизимини такомиллаштириш, ватан тинчлиги, халқ осойишталиги ва сарҳадлар дахлсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Республиканинг жануби-ғарбий чегараси ҳудудларидан бирида замонавий инфратузилмага эга янги чегара пости мажмуасида чегарачиларнинг ўз жанговар тайёргарлиги, билим, кўникма ва малакасини ошириши, хизмат бурчини муваффақиятли ўташи учун барча шароит яратилган. 

Тадбирда чегара пости қурилишида алоҳида ўрнак кўрсатган қурувчилар тақдирланди. Шунингдек, шартнома асосида хизмат қилувчи оилали ҳарбийларга хизмат уйларининг калитлари топширилди. 

"Бизнинг уч кишилик оиламиз учун ажратилган хонадонда барча қулайлик муҳайё. Шароитлар шаҳарникидан асло қолишмайди. Мажмуада спорт иншоотлари ва майдончалари ҳам барпо этилгани фарзандларимизнинг соғлом вояга етишига хизмат қилади. Бунинг учун биз, чегарачилар Президентимиздан миннатдормиз", – дейди катта лейтенант Бобурбек Абдуллаев. 

Янги чегара пости мажмуаси ҳарбий хизматчиларга ватан мустақиллигининг 24 йиллик байрами олдидан ажойиб совға бўлди. Таниқли санъаткорларнинг ватан, тинчлик, дўстлик ва ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади. 

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими М.Эсонов сўзга чиқди.