22 июнь куни Ереванда бошланган тартибсизликлар вақтида полиция томонидан қўлга олинганларнинг 200 нафардан ортиғи қўйиб юборилди. Бу ҳақда Арманистон тергов-суриштирув қўмитасига асосланган ҳолда Интерфакс хабар берган.

Бироз олдинроқ намойишлар вақтида 237 киши ҳибсга олингани хабар қилинганди.

"Қўлга олинганларнинг барчаси сўроқ қилиб бўлингач, озодликка чиқарилди", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь кунининг иккинчи ярмида Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида президент Серж Саргсяннинг қароргоҳи олдида минглаб кишилар намойиш уюштиришганди.

Ереванда электр нархи ошиши билан боғлиқ нотинчликлар 19 июндан буён давом этмоқда. 22 июнь куни кечқурун шаҳар кўчаларидан бирида муддатсиз акция бошланди, иштирокчилар ерга ўтириб олган ҳолда Арманистон президенти Серж Саргсяндан тарифлар ошиши ҳақидаги қарорни ноқонуний деб тан олишни талаб қила бошлади.

23 июнь, сешанба куни эрталаб Арманистон полицияси бу намойишни тарқатиб юборган.