Европарламентнинг франциялик депутати Янник Жадо АҚШ махсус хизматлари томонидан француз президентлари кузатилганига жавобан АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуденга сиёсий бошпана беришни таклиф қилди. Бу ҳақда Le Figaro газетаси хабар бермоқда.

Газетанинг маълумотларига кўра, Жадо “сиёсий бошпанага эҳтиёж сезаётган Эдвард Сноуденга паспорт беришни” талаб қилмоқда. Жадо агар Франция Сноуденни қабул қилса, АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими АҚШ томонидан жосуслик қилингани ҳақида кўпроқ маълумотлар билан бўлишиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ WikiLeaks сайтида АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Жак Ширак, Николя Саркози ҳамда Франсуа Олланд ортидан жосуслик қилганини тасдиқловчи ҳужжатлар пайдо бўлганди.