Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги бош консуллиги томонидан мустақиллик йилларида эришилган ютуқларига бағишланган давра суҳбати ташкил қилинди.

Мазкур тадбирда халқаро ташкилотлар ва Жиддада аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатия ваколатхоналари, шунингдек, Саудия сайёҳлик компаниялари вакиллари ва етакчи оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Давра суҳбати чоғида қатнашчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида, шунингдек, савдо-иқтисодий, сармоявий, ижтимоий ва маданий соҳаларда эришилган муҳим ижобий натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Улар, шунингдек, “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурини амалга ошириш жараёни билан танишдилар.

Айрим иштирокчилар “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига берган интервюларида тадбир якуни бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

"Мамлакатни иқтисодий ривожлантириш, демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган дастурлар фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга ҳамда уларнинг турмуш даражаси сифатини оширишга қаратилган.

Ижтимоий ҳимоя тизими шакллантириш тараққиётнинг "ўзбек модели"даги асосий устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Мазкур соҳадаги ислоҳотлар марказида эса инсон, унинг ҳаёти ва орзу-истаклари ётади. Биз Ўзбекистон келажакда янада катта ютуқларга эришишига ишонамиз", дейди Ислом тараққиёт банки ҳузуридаги Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси молия институтларини ривожлантириш департаменти бошлиғи Саид Аҳмад.
"Мустақиллик йилларида Ўзбекистон демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш, таълим, иқтисодиёт, савдо ва сайёҳлик соҳаларини ривожлантириш борасида катта ютуқларга эришди. Юртингиз шаҳарлари замонавий қиёфа касб этмоқда, янги иншоотлар, автомагистраллар ва бошқа жамоат объектлари қурилмоқда", дейди “Ал-Шарқ ал-Асват” газетаси муҳаррири Абдулмажид Абдулрауф Азиз.