Жанубий Корея меҳмонхоналари мамлакатда MERS вируси эпидемияси оқибатида тушиб кетган сайёҳлик оқимини рағбатлантириш мақсадида ўз мижозларига авиачипталар пулини тўлаб беришга тайёрликларини маълум қилди, деб хабар бермоқда Россия туроператорлари уюшмаси.

Корея сайёҳлик миллий ташкилоти прогнозларига кўра, июнь ойи якунларига кўра мамлакатга хорижий сайёҳлар оқими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга камайиб кетади. Ўтган йили шу давр ичида Кореяга 1,26 млн сайёҳ ташриф буюрган.

Кореяда сайёҳлик оқимининг пасайиши оқибатида кўриладиган зиён 900 млн долларга баҳоланмоқда. Шу билан бирга Жанубий Корея ҳукумати сайёҳлик оқимини қўллаб-қувватлаш мақсадида яқин орада барча сайёҳларга MERS’дан зарарланиш хавфини бепул суғурталашни таклиф қилмоқда. Бу суғурта барча тиббий ва транспорт харажатларини қоплайди. Бундан ташқари, хорижий меҳмонлар музей ва шу каби диққатга сазовор жойларга ташриф буюришганда бепул ҳимоя воситалари: ниқоблар, термометрлар, қўлларни дезинфекцияловчи воситалар билан таъминланади.