Калифорниядаги KFC фастфуд ресторани унга товуқ наггетси ўрнига қовурилган каламуш берилганини иддао қилган мижоздан узр сўрашни талаб қилди. “Каламуш” ДНКси мустақил лабораторияда тадқиқ этилгач, ресторан мутасаддилари мижозни алдоқчиликда айблади. Бу ҳақда FoxNews хабар бермоқда.

Таъкидланишича, раҳбарият нафақат генетикларга мурожаат қилган, балки ходимлар орасида ҳам суриштирув олиб борган. Тармоқ вакили Родриго Коронеланинг сўзларига қараганда, бу чора-тадбирлар ресторанни танқидга олган харидор Деворайз Диксоннинг ноҳақ эканлигини исботлаб берган. Диксон ҳамда у ёллаган ҳуқуқшунос ҳозирча бу айбловларга жавоб бермади.
Илгарироқ харидор тармоқ ресторанларидан бирига кирганида, унга олиб келинган овқат шаклан қовурилган каламушни эслатишини кўриб, норозилигини билдиргани ҳамда маҳсулот расмини интернетда эълон қилгани хабар қилинган эди. Тармоқ менежерлари мижоз билан боғланишга ҳаракат қилгани, аммо у қўнғироқларга жавоб бермаган эди. Ахийри у ҳуқуқшунос ёллаб, маҳсулотнинг бир бўлагини мустақил экспертиза учун тақдим этишга рози бўлди.