Бугун 24 июнь куни жаҳон футболининг энг ёрқин футболчиларидан бири бўлган “Барселона” клуби аъзоси Лионель Месси 28 ёшни қаршиламоқда. У 1987 йилнинг 24 июнида Аргентинанинг Росарио шаҳрида туғилган.

Месси футбол билан 5 ёшидан, ҳаваскор клуб ҳисобланадиган “Грандоли”да бошлаган. Жамоага Мессининг отаси Хорхе мураббийлик қилган. Шундан сўнг, Лео “Ньюэллс Олд Бойз” клубида ўйнаган.

Унинг оиласи Месси 11 ёшга тўлганда Барселонага кўчиб келишади ҳамда Лео 13 ёшида “Барселона”нинг ёшлар жамоасида тўп сура бошлайди. У ўзининг дебют учрашувида покерга, мавсум давомида эса 30та учрашувда 37та гол уришга муваффақ бўлади.

Аргентиналик футболчи асосий жамоа таркибида 2003 йилнинг 17 ноябрида “Порту”га қарши кечган ўртоқлик учрашувида дебют ўйинини ўтказади. Ўйиндан сўнг маҳаллий газеталар “Бу болакайда Марадонанинг чап оёғи, Кройфнинг тезлиги ҳамда Роналдиньонинг пасслари мужассам” деб ёзган эди. Расмий учрашувлардаги дебюти 2004 йилнинг 16 октябрида “Эспаньол”га қарши кечган ўйинда юз беради.

Месси “Барселона” билан 7 маротаба Испания чемпионати, 3 бор Испания кубоги ҳамда 4 марта Чемпионлар лигасида зафар қучган. Бундан ташқари, Испания суперкубоги (6), УЕФА суперкубоги (2) ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида (2) олтин медалларни қўлга киритган. Месси умумий ҳисобда “Барселона” билан 24 та совринни қўлга киритган.

Лео кетма-кет 4 маротаба жаҳоннинг энг яхши футболчиси деб топилган ягона футболчи ҳисобланади. Шунингдек, у “Барселона” тарихида энг кўп тўп киритган футболчи (умумий голлар сони 440 та, расмий учрашувларда 412 та), Испания Ла-лигаси (286) ҳамда Чемпионлар лигасининг (77) энг яхши тўпурари ҳисобланади. Аргентиналик футболчи ФИФА томонидан эълон қилинадиган дунё терма жамоага кетма-кет 8 маротаба (2007-2014) киритилган.

Месси 2009 йилда ёшликдан бирга ўсган Антонелла Рокуццо билан учраша бошлади.

2012 йилнинг 2 ноябрида жуфтлик ўғил фарзандлик бўлади ва унинг исмини Тьяго деб қўйишади.

Машҳур футболчилар Месси ҳақида

“Месси биринчи рақамли футболчи. У бугунги кундаги жаҳоннинг энг яхши футболчиси. Буни рад этиш аҳмоқлик. Месси билан Марадонини таққослаш ноўрин. Улар тенгсиз футболчилар, бироқ уларнинг ўнлаб йиллар ажратиб туради”.

@Диего Симеоне

“Месси фантастик ўйинчи. Баъзан тўп унинг тана қисмидек туюлади. Месси аргентиналик бўлгани учун Худодан миннатдорман”                          

@Диего Марадона

“Месси онасига “Мен копток тепишга кетдим. Кеч тушганда қайтаман” деб ўйнайдиган болакайга ўхшайди. Уни мухлислар тўла майдон ҳам ҳавотирга солмайди. У ўйиндан лаззат оладиган туғма истеъдод соҳиби”.

@Гус Хиддинк

“Агар Месси бўлмаганда, мен иккинчи дивизионда ишлаб юрган бўлар эдим”.

@Хосеп Гвардиола

“Месси нимагаки тегинмасин, у гол билан якунланади. У жамоа учун ҳамма нарсани қилиш билан биргаликда, ўйиндан роҳатланади. Унинг майдонда кўрсатаётган ишлари ақлга сиғмайди”.

@Тьерри Анри

Мессининг энг яхши 10 та голи