Яқин келажакда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида полициялар сони ортади ва 2016 йилнинг июлига келиб уларнинг сони 35800 нафарни ташкил қилади.

Бундай қарорга шаҳар мэри Билл де Блазио ва шаҳар Кенгаши спикери Мелисса Марк-Виверито кейинги йилда шаҳарнинг йиллик бюджети $78,5 млрд.ни ташкил қилиши масаласи бўйича муҳокамаси давомида келишган, деб ёзмоқда ТАСС нашри.

Мазкур суммадан $170 млн. ҳозирда 34500 нафарни ташкил қилаётган полиция хизмати кучини оширишга сарфланади. Спикернинг қайд этишича, «шаҳар ҳокимияти жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш учун муҳим ресурсларни жалб қилиш муҳим» саналади.

Шунингдек, янги тизимга кўра, 400 нафар идорада ишлайдиган полиция ходимлари тезкор гуруҳларга жалб қилинади. Мэрнинг сўзларига кўра, янги жалб қилинган полиция ходимларининг бир қисми терроризмга қарши кураш учун сафарбар қилинса, қолган қисми 95та шаҳар полиция пунктларига юборилади ва патрул хизматига сафарбар қилинади.