Буюк Британиянинг "Pioneer Productions" компаниясининг ижодий гуруҳи Discovery Networks International телеканали учун ишланаётган ҳужжатли сериалнинг бир қисми бўладиган Бухоро ҳақидаги фильмни суратга олиш учун шу кунларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу ҳақда «Ўзбектуризм» матбуот хизмати хабар берган.

10 йилдан ортиқроқ вақт давомида BBC2, ITV, Sky One сингари йирик каналлар учун ишлаган телебошловчи ва ёзувчи Дэвид Баддиэль Бухоронинг бой тарихи ва анъаналари ҳақида сўзлаб беради.

Суратга олувчи гуруҳ таркибидан Raging Planet (Chanel 4)Wonders of weather (Discovery)Extreme Homes (HGTV) ва How the Universe Works (NOVA) каналлари учун ишлаган оператор ва журналистлар ўрин олган.

Бу Буюк ипак йўлининг цивилизация ривожидаги тарихий аҳамиятини ёритиш бўйича энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Лойиҳа «Ўзбектуризм» миллий компанияси ва БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) ўртасидаги «Буюк ипак йўли» брендининг рекламаси бўйича ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда.  

Маълумот учун, Discovery канали дунёнинг 220 мамлакатида эфирга чиқади ва 2,8 млрд аудиторияга эга ҳисобланади.

Бу ҳужжатли фильм шу йилнинг охирига қадар тайёр бўлиб, эфирга узатилиши айтилган.