Россиянинг “Единая Россия” ва Қозоғистоннинг “Нур Отан” партиялари ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик ҳақида келишув имзолашди.

“Единая Россия” Россия Давлат думасида 53 фоиз овозга эгалик қилади, партия етакчиси Россия бош вазири Дмитрий Медведев, 2012 йилдаги парламент сайловларида 81 фоиз овоз олган “Нур отан” партияси етакчиси эса Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳисобланади.

“Нур Отан” партияси раиси биринчи ўринбосари Бауржон Бойбек бошчилигидаги партия делегацияси 23 июнь куни Москвага ташриф буюрди. Қозоғистонлик делегация билан “Единая Россия” бош кенгаши котиби (партиядаги иккинчи одам), Давлат думаси вице-спикер Сергей Неверов ва партиянинг Думадаги фракция бошлиғи Владимир Васильев учрашди.

Васильев партиялараро алоқалар Россия ва Қозоғистон ўртасидаги давлатлараро ва парламентлараро алоқалар, икки давлат орасидаги барча турдаги муносабатларнинг энг юқори даражада ривожланиши ва қўллаб-қувватланишига катта ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.