“Тошкент механика заводи” акциядорлик жамияти акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида донаси 4 минг сўм турадиган, умумий қиймати 11.6 млрд сўмни ташкил қиладиган жами 2 907 072 дона акцияни бозорга чиқариш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда компания тарқатган хабарномадан маълум бўлди.
Илгарироқ хабар қилинганидек, собиқ авиасозлик заводи 2020 йилга қадар 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотни, бутловчи қисмлар ва материалларни локализация қилиш дастурига биноан 18 турдаги маиший буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Ўзлаштирилаётган ишлаб чиқаришлар рўйхатига хўжалик қуролларидан тортиб велосипедларнинг қисмларига қадар киритилган.
Режага кўра, 2016 йили 2 минг дона болалар коляскаси ва минг дона самокат ҳамда велосипедлар ишлаб чиқарилади.
2019 йилга қадар завод электр қизитгичлар ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 20 минг донага, кичик қувватли электр двигателлари ҳажмини 10 минг донага, пайвандлаш аппаратлари сонини 500 донага етказади.