Ҳунарманд Алланазар Саъдуллаев “Ташаббус – 2015” кўрик-танловида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналиши бўйича ғолиб бўлди ва Президентимиз соврини – “Spark” автомобили билан тақдирланди.

Уста Янгиариқ тумани Каттабоғ қишлоғида истиқомат қилади ва чорак асрдан буён тарихий ёдгорлик ва муқаддас қадамжоларни таъмирлаш ишларида фаол қатнашиб келмоқда.

Кулоллар сулоласининг еттинчи авлоди бўлмиш Алланазар Саъдуллаев укалари Баҳодир ва Одилбек билан бирга аждодларидан мерос қолган кошин тайёрлаш технологиясини қайта тиклашга муваффақ бўлган.

"Уста кулол бўлиб элга танилдим. Кўп муваффақиятларга эришдим. Лекин улар орасида "Ташаббус"даги ғолиблик энг юксак ғалабам бўлди", – дейди ҳунарманд А.Саъдуллаев.

Аввалроқ “Ташаббус – 2015” кўрик-танловида наманганлик  фермер Илёс Ботиров “Йилнинг энг яхши фермери” йўналиши бўйича ғолиб деб топилиб, Spark автомобили билан тақдирлангани ҳақида хабар қилинганди.