Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига қарашли “Қуёшли” интеллектуал ривожлантириш оромгоҳида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган “Билимлар беллашуви – 2015” ҳамда фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўғил-қизлар соғломлаштирилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раисининг ўринбосари Т.Тешабоев, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Б.Дониёров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлодга пухта билим бериш, уларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимизга муносиб инсонлар этиб вояга етказиш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Таълим сифати ва самарадорлигини тобора ошириш мақсадида ҳар йили мамлакатимизда “Билимлар беллашуви” интеллектуал мусобақаси муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Ушбу лойиҳа ёш авлодга билим беришнинг янги имкониятларини очиб, истеъдодли ўқувчилар сафини тобора кенгайтирмоқда.

Беллашувнинг мамлакат босқичида муваффақиятли қатнашган болалар «Қуёшли» интеллектуал ривожлантириш оромгоҳида ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлаётгани мамлакатимизда ёшларга пухта билим бериш, иқтидор соҳибларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборнинг амалий ифодасидир.

Оромгоҳда болалар учун турли фанлар бўйича машғулотлар билан бирга бадиий ижодиёт, спорт-соғломлаштириш тўгараклари иш олиб бормоқда. Айни пайтда олимлар, соҳа мутахассислари, илғор ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар иштирокида маҳорат сабоқлари, ўқувчиларнинг ҳаётий кўникмасини шакллантиришга оид машғулотларнинг муайян режа асосида ўтказилиши ўғил-қизларнинг билимини тобора бойитиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, ватанпарварлик, фидойилик, юрт тақдири учун дахлдорлик туйғусини тобора кучайтиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Касаба уюшмалари кенгаши федерацияси томонидан Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғи бағрида жойлашган ушбу сўлим масканда таълим-тарбиянинг инклюзив шакли кенг йўлга қўйилгани аҳамиятга молик. Бу ерда умумтаълим мактаблари ўқувчилари Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари билан биргаликда соғломлаштирилиши болаларда ўзаро ёрдам, бағрикенглик, хайрихоҳлик, ўз кучига бўлган ишонч, ирода ва қатъият каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Иззатбек Солижонов Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Тинчлик шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг 8-синфида ўқийди. Ўтган йиллар мобайнида ўтказилган билимдонлар беллашувида у математика фани бўйича учинчи ва иккинчи ўринга, бу йил биринчи ўринга муносиб топилди.

– Мамлакатимизда биз, ёшларга кўрсатилаётган катта ғамхўрликни ўқиш ва ижодда, спортга бўлган эътиборда яққол кўриш мумкин, – дейди Иззатбек. – Мен Ўзбекистондек осмони мусаффо, фаровон мамлакат фарзанди эканимдан фахрланаман.

Тадбирда «Билимлар беллашуви» интеллектуал беллашувида ғолиб бўлган болаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА .