Насимжон исмли шахс укаси Равшанни жанжал пайтида ўлдириб қўйгани туфайли жазога тортилди. Воқеа тафсилотлари “Даракчи” газетаси орқали ёритилди.
Маълум бўлишича, кенжа фарзанд Равшан ичкиликка берилиб, оила аъзоларини кўп қийнаган. Уч марта уйланиб, ажрашган ва болаларини етим қилган. Унинг қилиқларини кўтара олмаган отаси ва онаси оламдан ўтган.
Бир маъракада катта акаси Равшаннинг маст юрганини кўриб, уни койиган. Лекин у укасидан мушт еб, шу билан ўрнидан турмаган. Қариндошлари укасининг қамалишини истамагани учун бу жиноятни хаспўшлаган.
Бир сафар Равшан Қозоғистонга ишлашга кетиб, бир ойда қайтиб келган ва тўғри опаси Лоланинг уйига келган. У ерда ҳам ароқ ичиб, маст бўлгач, акаларини ва поччаларини чақирган ва жанжал чиқарган. Насимжон укасини тинчлантириш учун уни уйига олиб кетган, аммо жанжал у ерда ҳам давом этган. Шунда жаҳл устида Насимжон болта билан укасининг бошига зарба берган. Равшан олинган жароҳатлардан вафот этган.