Боливияда Венесуэла давлати собиқ етакчиси Уго Чавес номидаги стадион фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ТАСС маҳаллий матбуотга таяниб хабар бермоқда.

Манбанинг ёзишича, стадион Чапаре вилоятининг марказий қисмида жойлашган. 15 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган мазкур стадион қурилиши учун давлат 2,7 миллион АҚШ доллари ажратган.

Стадионнинг очилиш маросимида Боливия президенти Эво Моралес иштирок этди. Мамлакат раҳбари бу ҳудудга уч марта ташриф буюрган ягона раҳбар айнан Уго Чавес эканини алоҳида ёдга олиб ўтди. Боливия президенти Чавесни улкан бирдамлик тимсоли сифатида тарифлаб, айнан Венесуэла раҳбари «устимиздан ҳукмронлик қилмоқчи бўлган давлатлардан қўрқмасликка ўргатган»лигини алоҳида эътироф этиб ўтди.

Уго Чавес Эво Моралеснинг дўсти бўлган. У Боливиянинг ХХI асрда социализм барпо этиш ғоясини қўллаб-қувватлаганди. 14 йил мобайнида Венесуэлани бошқарган Чавес 2013 йилнинг 5 мартида икки йил давом этган саратон хасталиги туфайли вафот этганди.