Асли бухоролик Дилшод Собиров Тошкентда ноқонуний халқаро қўнғироқлар амалга ошириш тизимини яратиб, у орқали қарийб 150 минг доллар зарар келтирди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар бермоқда.
Айтилишича, у интернет орқали яхшигина маош тўланадиган иш ҳақида эълон учратиб, кўрсатилган манзилга тегишли ҳужжатларни юборди. Уч кундан кейин унга Борис исмли киши қўнғироқ қилиб, маоши ойига 1.5 млн сўм бўлишини, аммо бунинг учун Тошкентдан уй топиш кераклигини айтди.
Дилшод ўша куниёқ Яккасарой туманида яшайдиган қариндоши ҳамда Яшнабодда истиқомат қиладиган танишларининг уйларидан биттадан хона ажратиб беришни сўради. У ерда Борис томонидан юборилган компьютер жамланмаларини жойлаштириб, мамлакатнинг турли ҳудудларида рўйхатга олинган 156 дона SIM-картани олди.
Собиров интернет орқали ноқонуний телефон алоқалари тизимини ташкил қилиб, ишга киришди. 2 ой давомида махсус рухсатномасиз амалга оширилган қўнғироқлар 2 млн 656 минг 230 дақиқани ташкил қилди. Бу билан “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясига 148 минг 748 доллар зиён етказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Собировнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.