Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳокими Ш.Донаевнинг “Туман ҳудудида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. Бу ҳақда xushnudbek.uz сайтида хабар берилган.

Туман ҳокимининг қарорида таъкидланишича, туман ҳудудидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги сабабли бундай ҳолатларга чек қўйиш, фуқаролар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш асосий мақсад ҳисобланади.

Шу мақсадда Ғузор туманида тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни ўтказишни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгаши тузилди.

Шунингдек, тумандаги давлат бошқаруви органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат унумдорлигини сақлаш мақсадида ресторан, ошхона,кафе ва тўйхоналарда иш кунлари тўй ва маросим муносабати билан соат 07.00 дан 09.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача ош бериш мумкинлиги белгиланди. Ва ўз навбатида иш вақтида соат 09.00 дан 12.00 гача, 14.00 дан 18.00 гача ош бериш ҳамда соат 23.00 дан кейин тўй ва базмларни давом эттириш тақиқланди.

Бундан ташқари ҳоким қарорида туман ички ишлар бўлимига тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари туман ҳудудида айланиш ва суратга олиш тадбирларини тантанали ўтказишга жалб қилинадиган автомашиналар сонини 4 тадан ошмаган миқдорда бўлишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Туман давлат солиқ инспекциясига ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, нақд пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, бир хил белгиланган нархларда амалга оширилиши назоратга олиш вазифаси юкланди.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлимига тўйларда санъаткорлар иштироки ва уларнинг кийиниш маданиятига риоя қилиниши, шунингдек хонанда ва раққосаларда тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш лицензияси мавжудлигини назоратга олиш вазифаси топширилди.
Шунингдек, раққосалик касбига номуносиб бўлган қиз-жувонларнинг тўй-ҳашам ва базмларга раққоса номи остида чиқишини қатъий чекланди.

Туман бош имом-хатиби ва тумандаги барча ҚФЙ ва МФЙ раисларига тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ихчам ўтказишни, дабдабали ўтказилаётган тадбирларга сарфланаётган маблағларни кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш вазифаси юкланди.