Польшада Ўзбекистон-Польша бизнес форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси томонидан Люблин вилояти маъмурияти ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган мазкур иқтисодий анжуманда Польшанинг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлари делегацияси аъзолари иштирок этишди

Ўзбекистон ва Польша бизнес тизимлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида ўтказилган ушбу тадбир чоғида унинг полшалик иштирокчилари мамлакатимизда ҳаётга тадбиқ этилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик қўллаб-қувватланаётганига доир маълумотлар билан яқиндан таништирилди. 

Шунингдек, бизнес анжумани доирасида Ўзбекистондаги сармоявий муҳитнинг ўзига хос жиҳатлари, Ўзбекистон савдо-иқтисодий салоҳияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати мавзуларини қамраб олган тақдимот маросимлари ҳам ташкил этилди.

Анжуманда Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ҳудуди ва “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари фаолияти ҳамда уларда хорижлик сармоядорлар учун яратилган имтиёз ва қулайликлар хусусида ҳам атрофлича фикр юритилди. 

Бизнес-форумнинг польшалик қатнашчилари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятига юқори баҳо беришар экан, ўзбек шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва янги алоқаларни йўлга қўйиш юзасидан манфаатдорлик билдиришди. 

Жумладан, Люблин вилояти бошқарувининг аъзоси Аркадиус Братковски ушбу анжуман Ўзбекистон ва Польша тадбиркорларига ўзаро тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш учун яхши имкониятни яратиб берганини қайд этди. У мазкур тадбирда ҳозир бўлган қатнашчиларнинг сони ҳам Польша ишбилармон доиралар вакилларида Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиш нақадар катта эканлигидан далолат беришини айтди. 

“Бугунги бизнес-форум давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка янги туртки берди. Ушбу фурсатдан фойдаланиб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёрлиги учун Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукуматига миннатдорлик билдиришни истар эдим”, дейди у. 

Ўз навбатида, Люблин вилояти маъмуриятининг Иқтисодиёт ва инновациялар департаменти мувофиқлаштирувчиси Марта Смулковска ҳам Ўзбекистонда салмоқли иқтисодий салоҳият мавжуд эканлигини таъкидлади. 

“Биз Ўзбекистон делегацияси учун тайёрлаган мазмунли дастур ҳар икки томон учун ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишига ишончим комил. Биз ҳам ҳадемай мамлакатимиз делегациясини Ўзбекистонга юбормоқчимиз”, дейди Марта Смулковска.