Ўзбекистон миллий терма жамоасининг охирги ўйинлари ва жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини мағлубият билан бошлагани, шунингдек, олимпия терма жамоасининг 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш ўйинларини ўта муваффақиятсиз ўтказганлиги тўғрисидаги масалаларга бағишланган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ижроия Қўмитаси мажлисида ЎФФ президенти олимпия терма жамоасининг Осиё чемпионати саралашида кўрсатган ўйинини шармандагарчилик дея баҳолади.

«Олимпия терма жамоасининг Осиё чемпионатига зўрға чиққанлигини биз фақат ва фақат омадга йўйишимиз керак. Биз ўз кучимиз билан чиқмадик, бизга фақат омад кулиб боқди. Шармандагарчиликдан қандай қутулиб қолганимизни бутун Осиё кўрди. Бунда федерациядаги ҳамма айбдор!» деди Усмонов.

«Бугун футбол Ўзбекистонда нафақат стадионда, балки мамлакатимизнинг ҳар бир чеккасида мавжуд. Ёшлар футбол ўйнаяпти. Янги футбол мактаблари қурилмоқда. Унда янги истеъдодлар кашф қилиняпти. Бир сўз билан айтганда, футболда олий мақсадларни кўзлаш учун бугун энг яхши шароит ва қулайликлар тайёрлаб берилди. Лекин минг афсуски, яратиб берилган шароитларга яраша натижалар бўлмаяпти», дея ЎФФ раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради ташкилот расмий сайти.

Федерация президенти шароитлар яратиб берилдими, уларнинг мевасини ҳам талаб қилиш вақти аллақачон етганлигини ҳам алоҳида урғулади.