Австралияда ўзини 40 йил давомида қонунларга амал қилувчи фуқаро сифатида кўрсатиб келган, аввал асли гиёҳванд моддалар сотиш билан шуғулланган АҚШлик гиёҳвандфуруш йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳалок бўлди. У ўз вақтида АҚШда ўз ўлимини саҳналаштириб, суд тақибидан қочишга муваффақ бўлган эди.

1974 йилда АҚШ полицияси 37 ёшли Рэймонд Грэйди Стэнсел исмли шахсни гиёҳванд моддалар сотишда, жумладан Марказий Америкадан Флоридага 12 тонна наша контрабанда қилганликда гумон қилиб, ҳибсга олган эди. Стэнсел 500 минг доллар гаров пули эвазига вақтинчалик озодликка чиқарилган.

Стэнсел 1975 йилнинг 5 январида судга келиши керак бўлган, бироқ у айтилган вақтда келмаган. Стэнселнинг адвокати унинг Гондурасда акваланг билан сузаётганда чўкиб кетганини айтган.

Бу ҳақда адвокатга гўёки Стэнселнинг ўлими куни у билан бирга қайиқда бўлган Стэнселнинг маъшуқаси Жэнет Вуд хабар берган. Қутқарувчилар жасадни топа олишмаган, бироқ ҳукумат уни ҳалок бўлган деб ҳисоблаб, унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни бекор қилган.

Аслида эса Стэнсел ўз ўлимини атайлаб саҳналаштирган. У рафиқаси ва тўрт фарзандини қолдириб, маъшуқаси билан янги ҳаёт бошлаш илинжида дунё бўйлаб саёҳатга жўнаб кетган. Улар кўп жойларда бўлганлар ва охир-оқибат Австралиянинг Квинсленд шаҳрида қолишга қарор қилишган.

Улар турмуш қуриб, икки фарзанд кўришган. Стэнсел қолган умрини Дэннис Ли Лафферти номи билан туроператор сифатида ишлаб ўтказган ва ўзи яшайдиган жойларда бообрў одамга айланган. 2015 йилнинг май ойида 78 ёшли Стэнсел машина ҳайдаб кетаётганда, йўлда бурилаётганда дарахтга урилиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.

Стэнселнинг аввалги ҳаётидан унинг фақатгина бир нечта яқин дўстлари хабардор бўлган. Июнь ойи ўрталарида унинг дўстлари ва рафиқаси Вуд журналистларга ҳақиқатни айтишга қарор қилишган.