Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида болалар спортини ривожлантириш, айниқса, қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда асос солинган ва дунёда ўхшаши бўлмаган уч босқичли тизим – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», Универсиада спорт мусобақалари спортни янада равнақ топтириш, ўғил-қизларнинг унга бўлган қизиқиш ва интилишини тобора кучайтириш, ўқувчиларни оммавий тарзда спортга жалб этиш имконини бермоқда.

Юртимизнинг ҳар бир гўшасида барпо этилаётган жаҳон андозалари даражасидаги спорт мактаблари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, сузиш ҳавзалари, маҳаллалардаги секция ва тўгараклар фарзандларимизнинг соғлом бўлиб камолга етишида, бўш вақтини тўғри ва унумли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Ҳар йили ёзги таътил даврида пойтахтимизга келганимда, буюк бобокалонимиз номи билан юритилувчи ушбу маърифат масканида бўламан, – дейди Навоий шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Азиза Ботиралиева. – Спортнинг стол тенниси, сузиш каби турлари билан шуғулланаман. Ушбу китоблар кўргазмасидаги мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортга доир янги адабиётлар менда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазмада спортга оид адабиётлар, плакат ва суратли альбомлар, ўқув-услубий нашрлар намойиш этилмоқда.

Манба: УзА