23 июнь куни Ўзбекистон футбол федерациясида ўтказилган навбатдан ташқари йиғилиш вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг бош мураббийлари истеъфога чиқарилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида бир неча футбол мутасаддиларига қаттиқ ҳайфсан берилган. Бу ҳақда "Правда Востока" нашри ёзган.

Таъкидлаш жоизки, кейинги 1 йил давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 8та ўйин ўтказди ва атиги 2та ғалаба қайд этди. Бу ўйинлар бўйича тўплар нисбати кўрсаткичлари ўта ёмон аҳволда - 9-16. Охирги вақтларда ўтказилган учрашувларда Япония терма жамоасидан 1:5, КХДРдан эса 2:4 ҳисобида мағлуб бўлинди.

Шунингдек, Олимпия терма жамоасининг натижалари ҳам мақтагулик бўлмаган. Олимпиячилар бошқа терма жамоаларнинг ўзаро натижаси ва ёрдами эвазигагина Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган Олимпиада-2016 ўйинларига йўлланма олиш учун курашни давом эттирадиган бўлган.

Қолаверса, жорий мавсумда ички чемпионатдаги жамоалар ҳам халқаро майдонларда қониқарсиз натижалар қайд этишди. ОЧЛда иштирок этган 4 жамоанинг биронтаси гуруҳ босқичидан ўта олмади, фақат Қаршининг "Насаф" жамоаси ўзининг ўйинлари билан мухлислар кўнглига таскин бериб, мутахассисларнинг ишончига сазовор бўлди.

Мажлисга Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмонов раислик қилди. Усмонов кун тартибидаги масалалар ҳақида гапираркан, Ўзбекистонда ҳукумат яратиб бераётган шароитларда унумли фойдаланиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

"Ўзбекистон Президенти миллионлар ўйинига жиддий эътибор қаратиш бўйича кўрсатма берган. Вазифалар бажариляптими? Ҳосилни йиғиш вақти келганда нимани кўрсатамиз? Сизлардан нега бундай бўлаётганини сўраш вақти келди. Мураббийлар ва футболчилардан натижа талаб қиладиган вақт келди. Масъулиятни ошириш керак!

Мен бир йилдан бери миллий терма жамоага хорижий мутахассисни жалб қилиш бўйича сизларга таклиф ва мулоҳаза киритинг дейман, нега индамайсизлар? Қани таклиф? Ҳар қандай маблағ эвазига, ҳар қандай мутахассисни жалб этишга тайёр эканлигимни ҳар мажлисда такрорласам ҳам ҳеч бирингиз индамайсиз! Нега Терма жамоалар маркази бу масалани ижобий ҳал қилмай, бир йилдан бери чўзиб юрипти. Бу масалани шахсий назоратим остига оламан ва муҳлат бераман. Навбатдаги ўйинга тайёргарлик бошлангунча, терма жамоада хорижлик маслаҳатчи мураббий иш бошлаши керак. Тамом!", дейди Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов.

Йиғилишда Миржалол Қосимов ўз лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига "Пахтакор" бош менежери сифатида фаолият кўрсатиб келган Самвел Бабаян тайинланди ҳамда унга терма жамоани 2018 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш вазифаси топширилди. Бабаянга "Пахтакор" жамоасидаги лавозимини тарк этиб, бор эътиборини терма жамоага қаратиш шарти қўйилган. Унга бироз олдинроқ Янги Зеландияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кучли саккизликка кирган Ўзбекистон ёшларига мураббийлик қилган Равшан Ҳайдаров ёрдамчилик қиладиган бўлган.

Терма жамоалар марказига 20 кун мобайнида Самвел Бабаянга яна бир хорижлик мутахассисни ёрдамчи-маслаҳатчи сифатида олиб келиш вазифаси топшириган.

Олимпия терма жамоасига эса Бахтиёр Ашурматов ўрнига Виктор Жалилов тайинланган ва унга Дилшод Нуралиев ёрдамчилик қилиши айтилган. Уларнинг олдига Олимпия терма жамоаси билан 2016 йилги Олимпиадага йўлланма олиш вазифаси қўйилган.

Мажлисда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Бош котиби Сардор Раҳматуллаев, Ўзбекистон Профессионал Футбол лигасининг бош директори Фарҳод Магаметов, Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаевларга хайфсан эълон қилинди. Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов, Ўзбекистон терма жамоаларининг техник директори Рустам Акрамовлар эса Усмоновдан ва Ижроқўм аъзоларидан охирги хайфсан олишди. Миллий терма ва олимпия терма жамоаларининг олдига қўйилган вазифа бажарилмаган тақдирда Асқар Толибжонов ва Рустам Акрамов ўз вазифасидан озод этилиши маълумот сифатида қабул қилинди.