АҚШлик актёр, яккакурашнинг айкидо йўналиши устаси Стивен Сигал Остонада болалар учун айкидодан мастер-класс ўтказади, деб хабар бермоқда Интерфакс ахборот агентлиги.

Сигал Қозоғистон пойтахтида Шаҳар куни байрами доирасида бўлиб ўтадиган Жанг санъати Халқаро фестивалига таклиф қилинди. Айкидо бўйича еттинчи дан соҳиби Сигал тантаналарда фахрли меҳмон сифатида қатнашади.

Сигалдан ташқари Остона тарихида биринчи марта ўтказилаётган бу фестивалга тай бокси, жиу-житсу, қўл жанги, будзинкан, капоэйра, кендо, тейквондо ва карате каби яккакурашнинг 12та йўналиши бўйича энг яхши усталар ҳам таклиф этилган. Фестиваль доирасида Хитой, Япония, Жанубий Корея, Чехия, АҚШ ва Россия спортчилари намунали жанглар ўтказадилар.

Сигал аввал ҳам Майкл Мэдсен ва Мишель Родригес каби бошқа Голливуд актёрлари билан 2011 йилда Қозоғистонга “Остона” Халқаро жангари фильмлар кинофестивалига келган эди.

Маълумот учун, Сигал 7 ёшидан бери яккакураш билан шуғулланиб келади. 20 йилга яқин Японияда яшаб, айкидодан сабоқ олган ва уста даражасига етгач, ўзи ҳам сабоқ беришни бошлаган.

Сигал жангари фильмларда роллар иштирок этгани билан танилган. У 50дан ортиқ фильмларда роль ижро этган.