Афғонистон ҳукумати 23 июнь куни 2 кунлик жанглардан сўнг Толибон террорчи гуруҳи жангарилари Қундузнинг Чордара туманидан қувиб чиқарилганини маълум қилди.
Илгарироқ жангарилар Қундуз вилоятининг Чордара ва Дашти Арчи туманларини эгаллаб олгани маълум қилинган эди. Чегарага яқин жойлашган ушбу ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатлар Тожикистон ҳукуматини ҳам ташвишга қўймоқда. Чегарага яқин ҳудудларда яшовчи тожикистонликлар отишмалар овози эшитилиб турганини маълум қилмоқда.
Тожикистон чегара хизмати командири Ражабали Раҳмоналиевнинг маълумотига қараганда, чегарада 1.5 минг жангари жойлашиб олган.
“Уларнинг асосий қисми Қундузда, – дейди у. – Биз бу йўналишда ишни давом эттириб, маълумотларни аниқлаштирмоқдамиз. Туманларни эгаллаб олишда нафақат Толибон, балки ИШИД кучлари ҳам иштирок этаётгани ҳақида маълумотлар бор”.
Тожикистон чегарачилари юқори ҳарбий тайёрлик даражасида тутиб турилгани айтилмоқда.
Шунингдек, президентнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Хайруллоев минтақанинг барча давлатларини барқарорлик йўлида бирлашишга чақирди.