Тошкентда “Давлат бошқарувини модернизация қилиш ва жамиятни демократлаштиришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва Давлат бошқаруви академияси ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ва ходимлари, ахборот соҳаси мутахассислари ҳамда экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Корея Республикаси, Япония, Хитой Халқ Республикаси, Австралия, Латвия ва Грузиядан ахборот технологиялари соҳаси экспертлари қатнашди.

Давра суҳбатида мамлакатимиз Миллий ахборот-коммуникация тизимини босқичма-босқич ривожлантириш, ахборот соҳасига доир миллий қонунчиликни изчил такомиллаштириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, давлат ва жамият қурилиши жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш борасидаги халқаро тажриба муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуротов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Хуршид Мирзоҳидов ва бошқалар замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш, уларни давлат бошқаруви ва иқтисодиётимизнинг барча соҳаларига татбиқ қилиш Ўзбекистон давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Бунинг самарасида мамлакатимиз мустақил тараққиёт йилларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш борасида халқаро миқёсда эътироф этилган минтақада етакчи давлатга айланди.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Концепцияда белгиланган муҳим вазифалар инобатга олинган ҳолда, давлат органлари, фуқаролар ва ташкилотларга ахборот жамияти шароитида фаолият кўрсатиш имконини берадиган меъёрий-ҳуқуқий ва услубий база изчил такомиллаштирилмоқда. Бунинг учун эса ахборот хизматлари кўрсатишнинг ягона стандартлари жорий этилмоқда. Ушбу хизматлар ресурслар, маълумотлар базаси ва ахборот тизимларининг юқори даражадаги ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади.

– Ўзбекистонда аҳоли турмуш сифати ва даражасини кўтариш мақсадида барча соҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга катта эътибор қаратилаётгани қувонарлидир, – дейди “Huawei Technologies Co.Ltd” тармоқларини ривожлантириш ва бизнес бўйича консалтинги президенти Пол Майкл Сканлан (Хитой). – Компаниямиз Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётганига 15 йилдан ошди ва дастурий ишланмалар учун катта миқдорда маблағ сарфламоқда. Президент Ислом Каримов томонидан ахборот-коммуникация технологиялари тизимларини ривожлантириш бўйича инновацион ва илғор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда “электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш ва кенг қўллашга қаратилган 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурининг бу борадаги ўрни ва аҳамияти алоҳида қайд этилди. Ушбу дастур аҳолининг давлат ҳокимияти органлари билан электрон шаклда ҳамкорлик қилишини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимига “бир ойна” тамойилини жорий этиш каби вазифаларни ҳал этишни ўз ичига олади. Дастурда ахборот тизимлари комплекслари ва “электрон ҳукумат” тизимининг маълумотлар базасини яратиш бўйича тадбирлар ҳам белгиланган.

Унга мувофиқ, мамлакатимизда бизнес жараёнларини автоматлаштириш, инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилаётир.

– Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш борасида Ўзбекистон тажрибаси билан яхши танишман, – дейди Рига халқаро олий иқтисодиёт ва амалий маъмурлаштириш мактаби бошқаруви аъзоси ва “Электрон бизнес” дастури директори Ина Гудель (Латвия). – Мамлакатингиз ушбу соҳада салмоқли ютуқларга эришмоқда. Негаки, ушбу йўналишдаги энг яхши жаҳон тажрибасини амалиётга татбиқ этмоқда. Ўзбекистонда “бир ойна” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш оммалашиб бормоқда ва бу мамлакатингизда бизнес юритиш ҳамда инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва ишончлилигини таъминлаш, уларнинг аҳоли билан ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Айни пайтда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришни янги босқичга кўтариш имконини беради.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижаларига ҳам эътибор қаратди. Бугунги кунда “электрон ҳукумат”ни ривожлантириш, ахборот-коммуникация соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бошқа йўналишлар бўйича қўшма лойиҳалар ва тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.

– Ўзбекистон қисқа вақт ичида “электрон ҳукумат” тизимини жорий этишда катта ютуқларга эришди, – деди Корея тадқиқотлар ва минтақаларни ахборотлаштиришни ривожлантириш институтининг катта директори Жин Ван Со (Корея Республикаси). – Давлат хизматларининг онлайн режимига ўтказилиши фуқароларнинг улардан фойдаланишини енгиллаштириш баробарида вақт ва маблағ тежаш имконини беради.

Иштирокчилар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига “бир ойна” тамойили бўйича интерактив давлат хизматлари кўрсатаётган Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти билан таништирилди. Бугунги кунда портал йигирмадан ортиқ йўналиш бўйича 240 дан зиёд интерактив хизматдан фойдаланиш имконини бермоқда. Давлат хизматларини қамраб олиш даражаси кенгайтирилиб, бу борадаги вазифалар такомиллаштирилган ҳолда янада ривожлантирилмоқда.

Тадбирда бугунги шароитда ахборотдан кенг фойдаланишни таъминлашнинг омили сифатида телекоммуникация технологиялари, алоқа тизимлари, тармоқлари ва инфратузилмалари, рақамли телевидениени ривожлантириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва бошқа масалаларга бағишланган маърузалар муҳокама қилинди.

Меҳрибон Маметова, ЎзА