2015 йил 25 июнь куни соат 11:00да Тошкент вилояти Зангиота тумани болалар ахлоқ тузатиш колониясида “Гиёҳвандлик ва ОИТС – аср вабоси”мавзусида тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2124-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, ақлан етук, жисмонан бақувват этиб тарбиялаш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кенг доирадаги тадбирларини давом эттириб келмоқда.

Ўзбекистонда нишонланадиган барча байрам тадбирларида, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам фаол иштирок этиб, ўз хайрия тадбирларни кенг доирада ўтказиб келмоқда.

Жумладан, 26 июнь – “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни”га бағишлаб ҳам фонд бир қатор маданий-маърифий ҳамда хайрия тадбирларини ўтказди. Режага мувофиқ, фонд жорий йилнинг 25 июнь куни Тошкент вилоятидаги Зангиота болалар ахлоқ тузатиш колониясида театр санъаткорлари иштирокида саҳналаштирилган ижодий театр томошаси ташкиллаштирди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад - ёшлар учун гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг ҳалокатли оқибатларга олиб келиши, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий ва маърифий даражасини юксалтириш, ўсиб келаётган авлод дунёқарашини шакллантириш, баҳамжиҳатликни ошириш, дўстона муносабатларни ўрнатиш, ватанга янада садоқатли, меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялаш, тинчликнинг қадрига етиш каби инсоний фазилатларни такомиллаштириш ҳисобланади.

“Гиёҳвандлик ва ОИТС – аср вабоси” мавзуидаги хайрия акциясида Республика ёш томошабинлар театри актёрлари томонидан гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ва унинг зарарларини кўрсатиб берувчи саҳна кўринишлари намойиш қилинди.