Германиянинг “Майнц” клуби Чили терма жамоаси ҳимоячиси Гонсало Харуни сотиб юборади. Бу ҳақда Bild нашри ёзмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Чили ва Уругвай ўртасида Америка Кубоги чорак финал баҳси кетаётган пайтда Хара Каванининг орқасига ўрта бармоғи билан кўп маъноли ҳаракат қилди. Кавани унга норозилигини билдириб, қўлини силтаганида, Хара симуляция ишлатиб, йиқилиб тушди. Воқеани бошидан кузатмаган ҳакам уругвайлик ҳужумчига қизил карточка кўрсатди. Учрашув 1:0 ҳисобида Чилининг ғалабаси билан якунланди.
Бу воқеа “Майнц” расмийларини Харадан қутулиш ҳақида ўйлашга мажбур қилди.
“Унинг қўпол ҳаракатидан кўра кейин қилган иши жаҳлимни чиқарди. Симуляцияни ёмон кўраман”, – деди клуб спорт директори Кристиан Хайдель, ушбу янгиликка фикр билдирар экан.
Ўз қилиғи учун Хара турнирнинг охирига қадар дисквалификация қилинди. Учрашув бош ҳаками ҳам мусобақа сўнгига қадар ҳакамлик қилишдан четлаштирилди.