Андижоннинг Ширмонбулоқ қишлоғида боғбон Ҳабибулло Сулаймонов томонидан киви меваси етиштирилмоқда. Бу ҳақда миллий телерадиокомпаниянинг “Менинг боғим” кўрсатуви орқали хабар қилинди.

“Отам раҳматли турли-туман меваларга жуда қизиқарди, — дейди боғбон. — У киши республикамизда биринчилардан бўлиб лимон, япон хурмоси, хитой унабиси, кивини эккан. Киви меваси дориворлиги жиҳатидан папайядан кейинги ўринда туради. Кўриб турганингиздек, бизнинг шароитда ҳам бемалол ўстирса бўлади. Бунга тупроқ ва иқлимимиз ҳам мос келади, яхши ҳосил беради. Ҳовлимизда мева берадиган икки туп киви дарахти ўсади. Яна икки тупи ҳали ҳосилга киргани йўқ. Киви дарахти республикамизда ўсадиган хурмодан кейин гуллайди. Жуда сермева дарахт ҳи¬собланади. Кичкина шохнинг ўзида йигирмата меваси бор. Яхши парваришланса, бир тупидан 100 килограммга етадиган ҳосил олиш мумкин”.

“Қишда ёпмаймиз. Отам киви кўчати экканида томорқанинг олд тарафида, 70 метр кенгликда илиқ шамол ўтишини ҳам ҳисобга олган экан. Шу боис ёпиб, кўмиб ёки ўраб ўтирмаймиз. Совуққа чидамлилиги эса, шахсий кузатувимга кўра, анор дарахтига тўғри келаркан. Сиз кўриб турган киви дарахти 1999 йилда экилган. Ҳозир бўйи сўриток бўйлаб 15-20 метргача етади”, – қўшимча қилди у.