АҚШнинг Балтимор шаҳрида полициячилар томонидан афроамерикаликка нисбатан қурол ишлатишнинг навбатдаги ҳолати қайд этилди, деб хабар бермоқда РИА Новости ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, зўравонлик қўлланаётгани бўйича чақириққа етиб келган полициячилар воқеа жойига бостириб кириб, қуролсиз бўлган Спенсер Ли Маккейн исмли афроамерикаликни отиб ташлашган.

Полициячилар бу ҳаракатларини жабрланувчи “ҳимоя позициясини” эгаллагани билан тушунтирганлар.

Оғир яраланган Маккейн шифокорларнинг ёрдамларига қарамасдан ҳалок бўлди. Қурол ишлатган полициячилар тергов вақтига маъмурий таътилга жўнатилди. Уларга ҳеч қандай айблов қўйилмади.

Охирги пайтларда полициячилар томонидан қуролланмаган қоидабузарларга нисбатан қурол ишлатиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Айниқса, ўтган йили Фергюсон шаҳарчасида полиция ходими Майкл Браун исмли ўсмирни отиб ташлагани катта можаролар келтириб чиқарган эди.