Австралияда балиқ овловчи кема тасодифан Cetorhinus maximus деб аталувчи, сув юзасида жуда кам кўринадиган катта акулани тутиб олди, деб хабар бермоқда “Моя Планета” телеканали.

Ушбу акула Басс бўғозида тутиб олинди. Ушбу акула сайёранинг энг катта, сирли ва кам ўрганилган мавжудотлари қаторига киритилади, чунки улар инсон кўзига камдан-кам ташланади.

Маълумотларга кўра, бу акуланинг максимал ўлчами 15 метргача етиши мумкин, бунда акула урғочисининг узунлиги эркагиникидан бир неча метрга кўпроқни ташкил этади. Тутиб олинган акуланинг узунлиги 6,3 метр эканлиги аниқланди.

Акула Мельбурндаги Виктория музейига ўрганиш учун топширилди. Музей ходимларининг айтишича, 160 йил ичида улар бор-йўғи уч марта шу турдаги акулалар билан ишлашларига тўғри келган.