Дунё бўйича йилига тахминан 200 минг нафар одам гиёҳвандлик натижасида вафот этади. Бу ҳақда Тошкентда Бирлашган миллатлар ташкилотининг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг минтақавий вакиллари (UNODC) иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида UNODCнинг Осиёдаги вакили Ашита Миттал маълум қилди.

«Жаҳон» ахборот агентлигининги хабар беришича, мазкур анжуман Халқаро гиёҳвандликка ва уларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш кунига бағишлаб ташкил этилди.

Митталнинг сўзларига кўра, 2013 йилда ер юзининг 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган 246 миллион аҳолиси ноқонуний гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиб келган. Шундан 27 миллион нафари гиёҳванд моддалар муаммоли истеъмолчилари саналишади.

Шунингдек, у 2014 йилда глобал равишда афюн ишлаб чиқариш ҳажми 7,554 тоннани ташкил қилганини ҳам таъкидлаб ўтди.