Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги MERS вирусидан ўлим билан якунланган яна икки ҳолат қайд этилганини маълум қилди.

Натижада, вирус эпидемияси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 31 нафарга етди.

Вазирлик, шунингдек, вирусдан касалланганлар сони 181 нафарга етганини маълум қилган.

Айни вақтда карантинда сақланаётганлар 2900 нафардан ортиқни ташкил қилади.

25 июнь куни Жанубий Корея ҳукумати юзага келган вазият туфайли мамлакат иқтисодига етаётган зарарларни бартараф қилиш учун 13,5 млрд доллар миқдоридаги иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириши ҳақида хабар қилинган.

Қайд этиш жоизки, хасталик туфайли мамлакатга хорижликларнинг ташриф буюриши кескин камайган, меҳмонхоналар, ресторанлар, транспорт ва шоу-бизнес соҳаси катта зарарлар кўришда давом этмоқда.