Жейсон Стейтем ижросидаги Деккард Шоу образи "Форсаж"нинг саккизинчи қисмида ҳам бўлади. Бу ҳақда актёрнинг ўзи Access Hollywood теледастури мухбири билан суҳбат вақтида маълум қилган.

Унинг айтишича, фильмнинг ижодий гуруҳи навбатдаги қисмда қандай воқеалар кечиши ҳақида муҳокама ўтказиб улгурган ва бу сюжетларда Жейсон Стейтем яратадиган образга ўрин мавжуд. Фильм ҳақидаги батафсил маълумотлар 2017 йилда эълон қилиниши режалаштирилган.

"Мен бу лойиҳада янги одамман. Мени "Форсаж" фильмининг еттинчи қисмини суратга олиш ишлари якунлангани муносабати билан ташкил этилган оқшомга таклиф қилишди ва ўшанда кейинги фильмда ҳам иштирок этишим ҳақида билдим", дейди Стейтем.

У фильмнинг мухлисларига миннатдорчилик билдирган ва кейинги қисмда янада қизиқарлироқ саҳналар бўлишини айтиб ўтган.

Маълумот учун, Стейтем "Форсаж"нинг олтинчи ва еттинчи қисмларида иштирок этган. Бу фильмда асосий ролларни ундан ташқари Вин Дизель, Курт Рассел, Пол Уокер ва Мишель Родригес каби актёрлар ижро этишган.

Бу лойиҳа Universal кинокомпанияси учун энг фойдали лойиҳа ҳисобланади ва шу вақтгача 7 қисмдан 2,3 млрд доллар даромад келтирган.