АҚШ президенти Барак Обама россиялик ҳамкасби билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилди. Оқ Уй матбуот хизмати тарқатган ахборотномага кўра, телефон мулоқотининг ташаббускори Владимир Путин бўлди.
Суҳбат жараёнида Обама яна бир бор Путинни Минск келишувларига риоя қилган ҳолда Украина шарқидаги ихтилоф ҳудудларидан Россия қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирди.

АҚШ ва ЕИ Россияни ихтилофга аралашишда кўп бора айблаганига қарамай, Россия ҳанузгача ўзини ихтилоф томонларидан бири сифатида тан олишдан бош тортиб келмоқда. Шунингдек, Россия расмийлари мамлакат жануби-шарқидаги рус айирмачиларини қўллаб-қувватлаётганини ҳам инкор қилиб келмоқда. Шунга қарамай, мамлакат у ёки бу даражада Украинанинг амалдаги раҳбарияти билан келишмовчиликларга бориб, айирмачиларга хайрихоҳлик билдиришда давом этмоқда.