2014 йил давомида ўзбекистонлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар мамлакат ҳудуди орқали гиёҳванд моддалар ташиб ўтмоқчи бўлган 100 нафар хорижликни қўлга олган. Бу ҳақда Ўзбекистон МХХ матбуот хизматига асосланиб, Russian.news.cn хабар берган.

Хабарда айтилишича, қўлга олинганларнинг 25 нафари тожикистонлик, 19 нафари афғонистонлик, 22 нафари россиялик, 7 нафари қирғизистонлик, 6 нафари туркиялик, 5 нафари қозоғистонлик, 5 нафари эронлик бўлган. Шунингдек, ўтган йилда Ўзбекистонда Туркманистон ва Италиянинг 2 нафарда, Украина, Арманистон, Франция, Германия, Латвия, Покистон ва Хитойнинг бир нафардан фуқароси гиёҳванд моддалар билан қўлга олинган.

Таққослаш учун, 2013 йилда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари 111 нафар хорижликни шундай жиноят учун ҳибсга олганди.