Ўзбекистонлик футболчи Сардор Юсупов "Барселона" жамоаси базасида кўрикдан ўтишга чақирилган. Бу ҳақда футболчининг отаси Икром Юсуповга асосланиб, uff.uz хабар берган.

Хабарда айтилишича, 1997 йилнинг 22 январида туғилган бу футболчи 5 ёшлигидан Тошкент шаҳридаги "Олимпия" спорт мажмуасида Карен Аванесян мураббийлигида футбол билан шуғулланган. Бироз вақт ўтиб, у саккиз ёшида "Пахтакор" жамоасининг 1997 йил туғилганлар жамоасида Жасур Абдураимов мураббийлигида шуғуллана бошлаган.

Сардор 10 ёшлигида, "Пахтакор"нинг болалар жамоаси билан мусобақада иштирок этаётган вақтида турнирни кузатаётган голландиялик тадбиркорнинг эътиборини жалб қилган ва шундан кейин уни "Фейенорд" жамоаси академиясига таклиф этишади.

2008 йилда Сардор Юсупов "Фейенорд"нинг мураббийларидан бири Ван дер Краан қўли остида машғулотларда қатнашган ва ўзининг бор маҳоратини кўрсатиб, голландиялик мутахассисларни лол қолдирган. Натижада, уни жамоада олиб қолишга қарор қилинган.
Хабарида ёзилишича, голландлар бу болакайнинг отасига Нидерландия паспортини бериб, Сардор Юсупов келажакда ўз терма жамоаларида ўйнашини исташган, лекин рад жавобини олишган.
Шу тариқа, келишув амалга ошмаган ва ота-бола ортга қайтган.

Шундан сўнг, Сардор Юсупов 15 ёшигача "Пахтакор" жамоасида шуғулланишда давом этган.
Унга 2012 йилда "Пахтакор" жамоаси томонидан шартнома таклиф қилинади ва лекин футболчининг отаси Икром Юсупов ўғлини Испанияга олиб боришга қарор қилади.

Улар Ўрта Ер денгизи соҳилларида "Севилья Олимпик" жамоасига мурожаат қилишади ва ёш футболчи шу жамоа машғулотларида қатнаша бошлайди.

Хабарда қайд этилишича, Сардор Юсупов машғулот вақтида қўшни майдончада футбол ўйнаётган жамоалар ўйинига қўшилишга мушарраф бўлади ва 0:2 ҳисобида ютқазаётган жамоа томонидан майдонга тушиб, иккита гол ургач, "Севилья Олимпик" жамоаси раҳбариятининг эътиборини қозонади.

Шундан сўнг, унинг маҳоратини синаш учун кейинги кунда алоҳида махсус ўйин ташкил қилинади ва Сардор Юсупов бу ўйинда 6та гол уради. Шундан сўнг, у шу жамоа сафида қолиб, 3 йил давомида жамоанинг асосий таркибида ҳаракат қилади ва 31та гол урган ҳолда жамоа билан "В" Сегундага чиқади.

Хабарда айтилишича, Икром Юсуповнинг испаниялик Карлос исмли таниши 3 йил давомида футболчига ҳомийлик қилади ва 2015 йилда уни Беларуснинг "БАТЭ" жамоасига сотишга ҳаракат қилади. Беларусликлар футболчига йилига 150 минг долларлик шартнома таклиф қилишган. Лекин, шартномага кўра, футболчи Беларусь фуқаролигини олиши керак бўлган. Табиийки, бу сафар ҳам томонлар келиша олишмайди.

Бу орада футболчининг отаси билан Ўзбекистондан ҳам алоқага чиқишади ва у Жасур Абдураимов мураббийлигидаги Ўзбекистон U-18 терма жамоасига чақирилади. Сардор Юсупов шу вақтгача бу терма жамоа билан БАА ёшларига қарши иккита ўртоқлик учрашувида майдонга туширилган.

Шу билан биргаликда уни клублар соҳасида ҳам ёрқин келажак кутиб тургани айтилмоқда. Сардорга Каталониянинг "Сан-Андрео", "Эспанmол", "ДАМ", "Хорта" каби жамоаларидан таклифлар мавжуд. Лекин у "Барселона"га ўтиш истагини билдирган.

Маълум бўлишича, "Барселона" президентлиги учун сайловда қатнашаётган Лапортанинг ёрдамчиларидан бири сайлов натижасида ғалаба қозонишса, Сардорни жамоага олишларига ваъда берган.
Шу билан биргаликда, сайлов натижаси қандай бўлишидан қатъи назар Сардор Юсупов 18 июль куни "Барселона" кўригидан ўтади ва ўзини яхши томондан кўрсатиши эвазига жамоага қабул қилиниши мумкин.

Айни вақтда у отаси билан биргаликда Испанияга 1 йиллик сафарга кетишга тайёрланмоқда. Уфф.уз сайтида маълум қилинишича, бу сафарнинг харажатларини кўтаришда ёрдам бериб, ҳамкорлик қилишни истаганлар қуйидаги воситалар орқали мурожаат қилишлари мумкин.

E-mail: info@uff.uz
Тел: +99891-1647108.