Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ИШИД гуруҳи матбуот котиби Абу Умар ал-Аданийнинг Шимолий Кавказ вилоятининг ташкил этилгани ҳақидаги маълумотини ёлғон ва кўзбўямачилик деб баҳолади. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.

24 июнь куни ИШИД матбуот хизмати “Кавказ вилояти” ташкил қилинганини эълон қилган эди. Бу хабар Доғистон, Ингушетия, Кабардин-Болқор ва Қорачой-Черкас республикаларидаги гуруҳларнинг етакчилари томонидан Твиттердаги саҳифалар орқали тарқатилган эди. Ушбу гуруҳларнинг бари ИШИД етакчиси Абубакр ал-Бағдодийга байъат этганлиги қайд қилиб ўтилган эди.
“Бу баёнот кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Ўрмонларда яшириниб юрган айрим жиноятчилар иблис давлатининг радикалларига жиддий ёрдам кўрсата олади деб ўйламайман”, – таъкидлаб ўтди Қодиров.

Унинг фикрича, “бу аблаҳлар Чеченистонга яқинлашолмайди ҳам”. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари минтақадаги вазиятни тўлиқ назорат қилаётгани айтиб ўтилди.
“Шунга қарамай, биз ушбу иблис давлатидан келиши мумкин бўлган таҳдидларни тўлалигича ҳисобдан чиқармаймиз. Шунинг учун бундан кейин ҳам ушбу бало Чеченистонга етиб келмаслиги йўлида иш олиб борамиз. Шайтонлар ва жиноятчиларни тап тортмай йўқ қиламиз”, – қўшимча қилди Чеченистон етакчиси.