"Реал" жамоаси Серхио Рамоснинг трансферидан 90 млн евродан кам бўлмаган маблағни ишлаб олмоқчи. Унга талабгор бўлган "МЮ"дан айнан шунча миқдордаги маблағ сўралган.

As нашрида ёзилишича, "Манчестер Юнайтед" бу ҳимоячи учун мадридликлар жамоасига 70 млн евро таклиф қилган.

Қайд этилишича, "Реал" бу трансферга "МЮ"дан олиниши кўзланаётган дарвозабон Давид Де Хеани аралаштиришни истамайди. Дарвозабон учун алоҳида музокара ўтказилади.

Бироз олдинроқ, "Реал" инглизлар томонидан билдирилган 50 млн евролик таклифни рад қилганди.

Эслатиб ўтамиз, "Реал" президенти Флорентино Перес 29 ёшли бу ҳимоячи билан унинг келажаги ҳақида гаплашганида, унга жамоада йилига 7,5 млн евро маош берилишини айтган, лекин Рамос 10 млн евро олишни исташини билдирганди.

Бу вақтда эса "қизил иблислар" унга 5 йил давомида 55 млн евро маош беришлари ҳақида таклиф юборишган, шундан сўнг Рамос "Реал" раҳбариятига Англияга кетишни истаётганини айтганди.

Маълумот учун, "Реал" бу футболчи билан шартноманинг бир томонлама бузилиши учун 180 млн евролик маблағни белгилаб қўйганди.