Россия Давлат думасида Coca-Cola ва Pepsi ичимликларини ишлаб чиқарувчи АҚШнинг The Coca-Cola Company ва PepsiCo компанияларига қарши санкция киритиш таклиф қилинмоқда, деб хабар бермоқда “Известия” газетаси. 

Тегишли мурожаатни Россия бош вазири Дмитрий Медведевга Давлат думаси депутати, Россия адолат учун пенсионерлар партияси раиси Игорь Зотов юборди.

“Россия президенти ва ҳукуматининг контрсанкциялар бўйича хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Россияга қарши санкцияларнинг узайтирилишини фаол қўллаб-қувватлаётган АҚШ Республикачилар партияси ва Демократлар партиясининг расмий ҳомийлари ҳисобланадиган The Coca-Cola Company ва PepsiCo компаниялари маҳсулотларига чеклов киритишни таклиф қиламиз”, дейилмоқда депутатнинг Медведевга юборган мактубида.

Зотовнинг айтишича, “очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, океанорти ичимликлари саломатликка катта зиён етказади ва оқибатда миллат соғлиғига путур келтирмоқда”.

“Бу брендлар остида спиртсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи компанияларга бу ичимликларни ишлаб чиқаришда Россияда ишлаб чиқарилган ва давлат стандартидан ўтган маҳсулотлардан фойдаланиш мажбуриятини қўйиш керак”, дейди депутат.

Экспертларнинг фикрича, бундай чекловлар киритиладиган бўлса, спиртсиз ичимликлар бозорининг 40 фоизи бўшаб қолади.