Россиялик таниқли хонанда Валерия ва унинг турмуш ўртоғи, мусиқа продюсери Иосиф Пригожиннинг Москвадаги квартираси номаълум шахслар томонидан ўққа тутилди.

Пневматик қуроллар билан қуролланган босқинчилар атайлаб жуфтликнинг ётоқхонасини нишонга олишган. Содир этилган жиноятни Пригожиннинг адвокати Сергей Жорин тасдиқлади.

Босқинчилик уюштирилган пайтда квартирада Валериянинг 22 ёшли қизи Анна, 20 ёшли Артёмий ва 18 ёшли Арсений исмли ўғиллари ҳамда уй хизматчиси бўлган. Жуфтликнинг ўзи ҳозирда Узоқ Шарққа гастрол билан сафарга кетган.

Воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари иш олиб бормоқда.

Иосиф Пригожин Латвияда ташкил этилган Kubana мусиқа фестивалида бир қатор россиялик қўшиқчиларнинг иштирок этгани борасида кўтарган можароси бу кўнгилсиз воқеага асосий сабаб сифатида келтирилмоқда. Валериянинг турмуш ўртоғи Ригадаги фестивалда иштирок этган рус хонандалари Лев Лешенко, Земфира, “Браво” ва “Ленинград” гуруҳларини “хасис” сўзининг русчадаги қўпол кўриниши билан атаган. Пригожиннинг айтишича, “улар фестивалдаги иштироклари билан ўз ватанлари ва касбларига хиёнат қилишган”.

Бунга жавобан Лешенко Пригожинни “бир жойга” жўнатиб юборган ҳамда Пригожин фақатгина ўзини ўйлашини айтган. “Шахсий адоват, гина, мусиқа ва сиёсатни қориштириб ташламаслик керак”, деб айтган Россия халқ артисти Лешенко.

Кейинроқ Россия шоу-бизнесининг қолган вакилларининг эътирозларига учрагач, Пригожин ўз сўзлари учун узр сўраган.