Швейцариянинг Barry Callebaut компанияси иссиқ ҳавода эримайдиган школод ишлаб чиқаришни бошлади, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.

“Агар биз Хитой ёки Ҳиндистонда шоколад сотишни истасак, ниманидир ўзгартиришимиз керак эди”, деб айтди компаниянинг илмий-тадқиқот бўлими раҳбари Фредерик Дипайпер.

Дипайпернинг айтишича, янги навдаги шоколад 38 градус иссиқда ҳам эримайди.

Ишлаб чиқарувчи учун шоколаднинг физик хусусиятларини ўзгартириб, унинг таъмини сақлаб қолиш зарурати катта муаммо бўлди. Компания 55 градусгача дош бера оладиган шоколад ҳам ишлаб чиқара олиши мумкин, бироқ бундай шоколаднинг таъми қониқарсиз ҳолга келиб қолади.

Компания бу навдаги шоколадни Осиё-Тинч океани минтақасида, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Африкада сотишни режалаштирмоқда. 2019 йилга келиб компаниянинг савдо айланмаси 48 млрд долларгача етиши кутимлоқда.