Никоҳ тўйларида ортиқча ҳашаматга йўл қўймаслик учун чора-тадбирлар кўрилаётган бир пайтда, айримлар янгидан-янги урф-одат ва удумларни ўйлаб топмоқда, деб ёзади “Инсон ва қонун” газетаси.

“Биргина никоҳ тўйи шунча дахмазага айлангани камдек, унинг ёнига бачки бўлиб, “қизлар базми”, “келин чақириқ”, “куёв чақириқ”, “қуда-анда чақириқ”, “чорлар”, “асал ойи”, “йўқлов” кабилар ҳам қўшилган. Буларнинг бари ҳаёт мазмунини тоғаралар кўтаришдан иборат, деб биладиган беш-олтита ғирт бекорчи хотинлар томонидан ўйлаб топилган ва уларнинг ҳар бири битта тўйнинг харажатига яқинлашиб қолади”, – дейди мақола муаллифи Мирислом Бадалов.

Унинг фикрича, “ёзилмаган қонун”ларни тан олмайдиганлар учун тўй ўтказишнинг ҳуқуқий асосини яратиш лозим:
“Модомики, айримлар аҳолининг ёзилмаган қоидаларини тан олмаётган экан, демак, тўй-маросимлар ва маъракаларни ўтказишнинг ҳуқуқий асосини яратиш лозимдир. Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 28 октябрдаги Фармони бу борада биз учун дастуриламал бўлиши лозим. Аммо энг асосий масала, барибир, юртдошларимизнинг фикрини, тасаввур ва тафаккурини ўзгартиришда қолмоқда. Бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш ҳаммамизнинг бурчимиз ва вазифамиздир”.