Японияда провинциал темирйўл станцияси бошлиғи ҳисобланган 16 ёшли Тама лақабли мушук ўлди. Мушук дам олиш кунлари дафн қилинади, деб хабар бермоқда The Telegraph нашри.

Тама 2007 йилда Вакаяма префектурасидаги Киси станцияси бошлиғи қилиб тайинлангандан кейин ҳамманинг ёқимтойига айланди. Бунгача маҳаллий темир линияси зиён кўраётган эди, Киси станциясидан эса бундан бир йил аввал охирги ходим ҳам ишдан бўшаб кетган эди.

Темирйўл платформасида темирйўл хизматчисининг бош кийимида сайр қилиб юрадиган уч рангли Тама тезда машҳур бўлиб кетди. Уни кўриш учун бутун Япониядан минглаб сайёҳлар келар эди. Улар сувенирлар сотиб олиб, маҳаллий бизнеснинг ривожланишига кучли туртки бердилар. Мушук туфайли Кисигава темирйўли линиясидан фойдаланадиган йўловчилар сони 55 минггача ўсди. Бу эса маҳаллий иқтисодиётга 1,1 млрд иен (88 млн доллар) фойда келтирди.

2013 йилда Тама бундай ютуқлар учун Wakayama Electric Railway темирйўл компаниясининг вице-президенти лавозимига номзоди қўйилди. Мушук 2008 йилда Вакаяма префектураси губернатори томонидан мукофотланган.