Японияда ишлаб чиқилган, магнит ёстиқчасида ишлайдиган поезд (маглев) Гиннесс рекордлар китобига дунёдаги энг тезкор поезд сифатида киритилди. Бу ҳақда JR Tokai темир йўл компанияси хабар берди.
Айтилишича, жаҳон рекордини қайд қилиш учун транспорт 603 км/соат тезликка чиққан. Синов 21 апрель куни Яманаси префектурасида қурилган 42 км ли синов полигонида амалга оширилди. Дастлабки синовда поезд 590 км/соат тезликни қайд қилган эди. Орадан беш кун ўтиб, 603 км/соат натижаси қайд қилинди.
Рекордни янгилагач, компания йўловчилар хавфсизлиги масаласи билан жиддий шуғуллана бошлади.
Магнитли поезд яратиш ишлари Японияда ўтган асрнинг 70-йилларида бошланган эди. 2003 йили JR Tokai яратган магнитли экспресс 581 км/соат тезлик билан жаҳон рекордини ўрнатди. 2011 йили ҳукумат Токио ва Нагояни боғлайдиган 286 км ли биринчи тижорий йўналиш очишга рози бўлди. Унинг қурилиши ўтган йили бошланди; қурилиш ишлари 2027 йили якунланиши айтилмоқда. Лойиҳа қиймати 5.5 трлн иенани (45.8 млрд доллар) ташкил қилади. 2045 йилга бориб йўналиш учинчи шаҳар – Осакага етказилиши кутилмоқда.