Ўзбекистонда ҳар йили 27 июнь – нашриёт ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Оммавий ахборот воситалари ҳамиша жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб келган. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 1993 йил 24 июндаги Фармони асосида мазкур санани нишонлаш анъанага айланди.

Мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситаларига давлатнинг раҳбарлик қилишига чек қўйилди, ахборот соҳасига бозор механизмлари изчил ва босқичма-босқич жорий этилмоқда, нодавлат телевидение, радио, ахборот агентликлари тармоғи, шунингдек, босма ҳамда аудиовизуал оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлайдиган жамғармалар ривожланмоқда. Даврий нашрлар тизими деярли қайтадан ташкил этилди, янги республика умумсиёсий газеталари ва жамиятнинг турли гуруҳ ҳамда қатламларига мўлжалланган бошқа кўплаб босма нашрлар ва журналлар ташкил қилинди. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқаро ахборот маконига қўшилди.

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари жамиятда фикрлар хилма-хиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар ким оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикрини очиқ айтиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари бутун дунйода бўлгани каби тарқатаётган ахборотининг холислиги ва ишончлилиги учун жавобгардир.

Сўнгги йилларда Ер сайёрасининг сунъий йўлдоши орқали миллий теле-, радио-дастурлар трансляцияси йўлга қўйилди. Бугунги кунда мамлакат телекоммуникацион тизимида 28та йўналиш бўйлаб дунёнинг 180та мамлакатига узатиладиган халқаро каналлар мавжуд. Маҳаллий теле-, радио-каналларда тайёрланган кўрсатувлар Интернет глобал тизими орқали аниқ вақт режимида бутун дунёга трансляция қилинади.

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сифатида 304та веб-сайт рўйхатга олинган. Электрон оммавий ахборот воситалари жадал ихтисослаштирилмоқда. Айни пайтда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий мавзуларга ихтисослашишидан ташқари, замонавий жамият учун муҳим бўлган маънавий-маърифий, тиббиёт, болалар, спорт ва ахборот-технологиялари мавзуларини ёритиш билан шуғуланаётган веб-сайтлар сони ҳам ортмоқда.

Кун.уз сайти Журналистлар куни муносабати билан соҳа ходимларининг барчасини табриклайди ва келгуси фаолиятларида зафарлар тилайди.